
Украина энергетика объектларига зарбалар учун Россияни инсониятга қарши жиноятларда айблади
Украина Хавфсизлик хизмати Россия қишнинг қоқ ўртасида энергетика инфратузилмасига қаратилган ҳужумларни тинч аҳолига қарши қасддан олиб борилган сиёсат деб баҳолаб, уларни инсониятга қарши жиноят сифатида таснифлади.

Украина Хавфсизлик хизмати Россия қиш мавсумида энергетика объектларига йўналтирилган зарбалар бўйича жиноий иш доирасида далиллар базасини шакллантирганини маълум қилди. Идоранинг маълумотига кўра, бу ҳужумлар тасодифий эмас, балки аҳолини совуқ ва зулматда қолдиришга қаратилган тизимли стратегия ҳисобланади.
СБУ ҳисоб-китобларига асосан, иситиш мавсуми бошланганидан бери энергетика ва иссиқлик таъминоти объектларига 256 та ҳаво зарбаси қайд этилган. 2025 йил октябридан буён 11 та ГЭС, 45 та йирик ИЭС, 49 та ТЭС ва 151 та электр нимстанция турли ҳудудларда нишонга олинган. Ҳужумларда «Искандер», «Калибр», Х-101, Х-69 ракеталари ҳамда «Геран» туридаги дронлар қўллангани қайд этилган. СБУ ушбу ҳаракатларни Украина Жиноят кодексининг 442-1-моддаси — инсониятга қарши жиноятлар доирасида баҳоламоқда.
Американинг «The New York Times» нашрига кўра, жорий қишдаги зарбалар бутун уруш давомидаги энг вайронкор ҳужумлардан бирига айланган. Нашр Кремл стратегиясини ўзгартириб, Киев, Одесса ва Днипро каби йирик шаҳарларнинг энергия таъминотини изоляция қилиш орқали аҳолининг руҳий бардошини синдиришга уринаётганини таъкидлайди. Шу билан бирга, сўровда қатнашган киевликларнинг аксарияти қаршиликни давом эттириш зарур, деб ҳисоблайди.
Украина Энергетика вазирлиги эса 15 январга ўтар кечаси Житомир ва Харков областларида янги ўчишлар қайд этилганини билдирди. Полтава ва Сумида фавқулодда узилишлар жорий этилган, Киев ва унинг атрофида эса режасиз чекловлар сақланиб қолмоқда. DTEK энергетика компанияси маълумотига кўра, пойтахтда ёруғлик таъминоти узоқ вақт тикланмаслиги мумкин.
Январ ойидаги ҳужумлар натижасида Киевдаги ТЭЦ-5 ва ТЭЦ-6 вақтинча ишдан чиққан, бу эса пойтахт аҳолисининг ярмини иссиқликсиз қолдирган. Ҳозиргача 400 га яқин уйда иситиш тўлиқ тикланмаган. Таъмирлаш ишлари узлуксиз олиб борилаётган бўлса-да, жанглар ва об-ҳаво шароити жараённи қийинлаштирмоқда.





