Logo

Украина Wildberries'нинг яна учта омборига зарба берди

Украина дронлари Wildberries'нинг Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Симферополдаги логистика обектларига ҳужум қилди. Бу бир ҳафта ичида компания омборларига уюштирилган тўртинчи зарба бўлди.

Украина Wildberries'нинг яна учта омборига зарба берди

Украина 24-июлга ўтар кечаси Россиядаги Wildberries маркетплейсига тегишли яна бир нечта логистика марказларини дронлар билан нишонга олди. Компания маълумотига кўра, Санкт-Петербургнинг Шушари тумани ҳамда Ленинград вилоятидаги «Уткина завод» саноат зонасида жойлашган омборлар фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов Украина дронлари Москва шоссеси атрофидаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилганини маълум қилди. У қайси объектлар зарар кўрганига аниқлик киритмаган. Бироқ Wildberries'нинг Шушаридаги логистика маркази ҳам айнан шу ҳудудда жойлашган.

Расмий маълумотларга кўра, бу ҳудудда жабрланганлар қайд этилмаган. Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко эса Новосаратовка қишлоғидаги Wildberries омборига дрон келиб урилганини тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида уч киши жароҳат олган.

Ёнғинлар қайд этилди

«Астра» нашри гувоҳлар тарқатган фото ва видеоларга таяниб, «Уткина завод» саноат зонасида камида учта бинода ёнғин чиққанини хабар қилди. Улардан бири Wildberries омбори бўлса, яна бирида «Петрович» компаниясининг тақсимлаш маркази жойлашган.

Шу билан бирга, компания аннексия қилинган Қримдаги Симферопол саралаш марказидан хавфсизлик мақсадида ходимлар эвакуация қилинганини маълум қилди. Украинанинг «Эхиленова+» мониторинг канали эса мазкур объектда кучли ёнғин чиққанини акс эттирувчи видеоларни эълон қилди.

Айрим телеграм-каналлар Твер шаҳридаги Wildberries омбори ҳам дронлар ҳужумига учраганини ёзди. Бироқ маҳаллий ҳокимият ва компания бу маълумотни ҳозирча расман тасдиқламаган.

Зарар ошиб бормоқда

Украина ҳарбийлари сўнгги бир ҳафта давомида тўртинчи марта Wildberries логистика объектларини нишонга олмоқда. Аввалроқ Москва, Тамбов, Воронеж вилоятлари ҳамда Краснодар ва Ставропол ўлкаларида жойлашган жами олтита омбор ҳам ҳужумга учраган эди.

Бу ҳужумлар натижасида компанияга етказилган зарар бир неча ўн миллиард рублга баҳоланмоқда. Омборларда маҳсулотлари ёниб кетган сотувчиларнинг умумий зарари эса 200 миллиард рублдан ортиши мумкин. Wildberries тадбиркорларга етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўрилишини маълум қилган.

Теглар

Мавзуга оид

Украина Wildberries'нинг яна учта омборига зарба берди | Vaqt.uz