«Улар биз истаган барча нарсани беради» — Трамп Эронни бир соатда йўқ қилишини айтди

Бугун 07:552 дақиқа

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан музокаралар фонида янги ва даҳшатли таҳдидлар билан чиқди. У нима учун Теҳрон таслим бўлишига қатъий ишонмоқда?

«Улар биз истаган барча нарсани беради» — Трамп Эронни бир соатда йўқ қилишини айтди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон расмийлари яна музокаралар столига қайтишини ва Вашингтоннинг барча талабларини сўзсиз бажаришини башорат қилмоқда. Унинг фикрича, Теҳронда қаршилик кўрсатиш учун ҳеч қандай имконият ва «қарталар» қолмаган. Бу ҳақда президент «Fox News» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Трампнинг таъкидлашича, у Эрондан ёрти-ярим ён босишларни қабул қилмоқчи эмас. «Мен талабларнинг 90 ёки 95 фоизи бажарилишини истамайман, менга ҳаммаси керак. Улар албатта қайтиб келиб, биз истаган барча нарсани беради», дея ишонч билан таъкидлади Оқ уй раҳбари.

Шунингдек, президент ўзининг аввалроқ айтган ва кескин танқидларга сабаб бўлган таҳдидларини оқлашга уринди. Унинг сўзларига кўра, айнан «бутун бир цивилизация ҳалок бўлади», деган ултиматуми Теҳронни Ҳўрмуз бўғозини очишга ва музокаралар столига ўтиришга мажбур қилган.

Аммо, Покистонда АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида деярли бир сутка давом этган музокаралар ҳеч қандай силжишларсиз ва якуний келишувларсиз ўз ниҳоясига етди.

Инфратузилмани йўқ қилиш

Музокараларнинг муваффақиятсиз якунланиши фонида Доналд Трамп Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарба бериш ҳақидаги аввалги таҳдидларини яна бир бор кескин такрорлади. У бунинг учун арзимас вақт, яъни бор-йўғи бир соат кифоя қилишини қўшимча қилган.

«Мен Эронни бир кунда йўқ қилишим мумкин. Бир соат ичида уларнинг барча электр станцияларини ва энергиясини тортиб оламан. Агар буни қилсам, тикланиш учун ўн йил керак бўлади ва улар кўприкларидан ҳам айрилади», — деди АҚШ президенти.

Музокараларнинг асл сабаби

Эслатиб ўтамиз, Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият Эрон томонидан глобал савдо йўли ҳисобланган Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши ортидан мисли кўрилмаган даражада кескинлашиб кетган эди. Бу ҳаракат жаҳон энергия бозорида жиддий хавотирларни ва ёнилғи нархларининг сакрашини келтириб чиқарди.

АҚШ бунга жавобан ҳарбий ҳаракатлар бошлашини эълон қилиб, Эронга бўғозни очиш учун қатъий ултиматум ва муддат белгилаганди. Покистондаги тинчлик мулоқотлари айнан шу хавфли кескинликни пасайтиришга қаратилган бўлса-да, томонлар ҳанузгача умумий муросага кела олгани йўқ.

Теглар

Мавзуга оид