Logo

Улуғбек Рустамов: “Пул энди мақсад бўлмай қолди” — Click CEO’сининг Z авлод ҳақидаги 7 та фикри

Click бош директори Улуғбек Рустамов мутахассисларнинг янги авлоди ва финтех бозорининг ўзгариши ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. У нима учун тажриба инновацияларга тўсқинлик қилиши мумкинлигини ва замонавий истеъдодларни фақат пул билан ушлаб қолиш мумкин эмаслигини тушунтириб берди.

Улуғбек Рустамов: “Пул энди мақсад бўлмай қолди” — Click CEO’сининг Z авлод ҳақидаги 7 та фикри

Бугун илк ишини қидираётган талаба билан 15 йил аввал Click’ни ишга туширган жамоанинг қандай ўхшаш жиҳатлари бор?

Click бош директори Улуғбек Рустамовнинг фикрича, бу ўхшашликлар кўпчилик ўйлагандан анча кўп.

Click Young Wave лойиҳаси доирасида компания раҳбари Click элчиси билан суҳбат қуриб, карьера, ёшлар, пул ва технологиялар келажаги ҳақидаги қарашлари билан ўртоқлашди. Суҳбатдаги энг қизиқарли фикрларни жамладик.

Катта компанияларни кўпинча ёшлар яратади

Click ташкил этилган пайтда унинг асосчилари йигирма ёшдан эндигина ошган эди.

“Банкларни биз билан ишлашга ишонтириш учун қарийб бир йил вақт кетган. Кўпчилик на ғояга, на бир гуруҳ ёшлар бозорни ўзгартира олишига ишонган”, — деди Улуғбек Рустамов.

Бугун компания 15 йиллигини нишонламоқда. Жамоада эса Click билан бирга ўсиб, шаклланган мутахассислар фаолият юритмоқда.

Пул энди мақсад бўлмай қолди

Улуғбек Рустамовнинг фикрича, бугунги ёшлар пулга аввалги авлодлардан бошқача қарайди.

Илгари пул йиғиш асосий мақсад бўлган бўлса, бугун у мақсадларга эришиш воситасига айланган.

“Ёшлар учун пул энди мақсад эмас. Бу шунчаки ресурс. Худди вақт ёки энергия каби”, — бўлишди Улуғбек.

CEO’нинг таъкидлашича, айнан шу ўзгариш фойдаланувчиларнинг кутишларини шакллантирмоқда ва келажакдаги рақамли маҳсулотлар қандай бўлишини белгилаб бермоқда.

Муаммони тезроқ ҳал қилган ютади

Сўнгги 15 йил ичида финтех соҳасидаги рақобат тубдан ўзгарди.

Авваллари рақамли сервислар банклардаги навбатлар билан рақобатлашган бўлса, бугун кураш сониялар учун кетмоқда.

“Агар рақобатчингизда вазифа уч сонияда бажарилса, сизда эса беш сонияда — сиз ютқаздингиз. Агар фойдаланувчи икки марта босиш ўрнига олти марта босишга мажбур бўлса — сиз ютқаздингиз. Агар бошқа сервиснинг интерфейси сизникидан тушунарлироқ бўлса — сиз ютқаздингиз”, — дея қўшимча қилди у.

Бугунги рақобат тезлик, қулайлик, ишончлилик ва фойдаланувчи тажрибаси атрофида қурилган.

Click шунчаки тўлов компанияси эмас, балки lifestyle платформа

Суҳбатдаги энг қизиқарли мавзулардан бири Click’нинг ўзи қандай ўзгараётгани ҳақида бўлди.

“Инсоннинг мақсади суғурта компаниясига пул ўтказиш ёки авиабилет учун тўлов қилиш эмас. Унинг мақсади суғурта ёки чипта сотиб олиш”, — дейди Рустамов.

Рустамовнинг айтишича, замонавий фойдаланувчи вазифасини имкони қадар тез ва қулай ҳал қилишни хоҳлайди. Тўлов эса бу жараёнда деярли сезилмаслиги керак.

Шу сабабли Click бугун оддий тўлов сервиси эмас, балки фойдаланувчига тайёр ечимларни тақдим этадиган экотизим сифатида ривожланмоқда.

Тажриба ҳам устунлик, ҳам тўсиқ бўлиши мумкин

Суҳбатдаги энг эсда қоларли ўхшатишлардан бири тажрибани рюкзак билан таққослаш бўлди.

“Ёшлар хато қилишдан қўрқмайди, ёш улғайгани сари эса одамлар хато қилишдан кўпроқ чўчий бошлайди. Ёшлар кўпроқ олдинга қарайди. Агар биз дунёни ўзгартирмоқчи ва янги маҳсулотлар яратмоқчи бўлсак, ортга камроқ қарашимиз керак. Ҳақиқатан ҳам янги ва қизиқарли нарсаларни яратиш учун хатодан қўрқмаслик керак — синаб кўриш, ҳаракат қилиш ва қилиш керак”, — таъкидлади у.

CEO’нинг фикрича, тажриба инсонни асрайди ва барқарорлик беради. Аммо баъзан айнан шу тажриба янги имкониятларни кўришга халақит қилиши ҳам мумкин.

“Ёшлар кўпроқ олдинга қарайди. Агар биз дунёни ўзгартирмоқчи ва янги маҳсулотлар яратмоқчи бўлсак, ортга камроқ қарашимиз керак”, — қўшимча қилди Улуғбек.

Ёшларни назорат қилиш эмас, эшитиш керак

Улуғбек Рустамов келажак компаниялари янги авлодни тушуна олгани учун муваффақиятга эришади, деб ҳисоблайди.

“Агар 15 йил олдин кимдир бизни эшитмаганида, Click умуман пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин эди”, — деди Улуғбек Рустамов.

Шу сабабли компанияда кўплаб маҳсулот йўналишлари ёш мутахассисларга ишониб топширилади. Чунки улар келажак фойдаланувчиларининг эҳтиёжларини яхшироқ тушунади.

Компания раҳбарининг фикрича, бошқарувчининг вазифаси тайёр қарорларни айтиш эмас, балки янги ғоялар эшитилиши учун шароит яратишдир.

Истеъдодни фақат маош билан ушлаб бўлмайди

Меҳнат бозори шунчалик ўзгарддики, маош энди иш танлашдаги ягона омил эмас.

“Ҳар доим кўпроқ нарса таклиф қиладиган компания топилади. Шу боис бизнеснинг вазифаси ходимни ушлаб туриш эмас, балки у ўсиши ва натижага таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муҳитни яратишдир”, — дея таъкидлайди Улуғбек Рустамов.

Рустамовнинг фикрича, иқтидорли мутахассислар нафақат иш берувчини, балки вазифалар миқёси, жамоа ва миллионлаб инсонлар фойдаланадиган маҳсулотларни яратиш имкониятини ҳам танлайди.

“Бизга янги қарашларга эга янги одамлар келиб турган экан, биз ҳамиша ёш бўлиб қоламиз. Айнан улар олдинга ҳаракат қилишимизга ёрдам беради”, — қўшимча қилди Улуғбек.

Суҳбат Click Young Wave элчилар дастури доирасида ёзиб олинган. Ушбу лойиҳа орқали компания талабалар ҳамжамияти билан мулоқот қилади ва ёш мутахассисларни финтех соҳаси билан яқиндан таништиради.

Лойиҳада фаол талабалар ва ёшлар ҳамжамиятлари етакчилари иштирок этди. Улар компанияга янги авлоднинг кутишларини яхшироқ тушунишга ёрдам бериш билан бирга, контент яратиш, оммавий чиқишлар ва маҳсулот маркетинги бўйича ўз кўникмаларини ривожлантирди.

Дастур давомида элчилар олий таълим муассасаларида 13 та тадбир ўтказди ҳамда компания раҳбарияти, жумладан Click CEO’си Улуғбек Рустамов билан бевосита мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.

Instagram: @clickuz
Telegram: 
t.me/click_uz
LinkedIn: 
linkedin.com/click-uzbekistan

Реклама ҳуқуқлари асосида.

Теглар