
Умумий овқатланиш соҳасининг йирик солиқ тўловчи корхоналари: KFC, Evos, Oqtepa lavash
Йилнинг ўн ойида умумий овқатланиш соҳасидаги солиқ тушумларининг 19,5 фоизи 20 та йирик корхоналар ҳиссасига тўғри келди.

2025 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистонда умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи 20 318 та юридик шахс томонидан жами 1,4 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Бу кўрсаткич соҳада иқтисодий фаоллик ва пул айланмаси барқарор сақланаётганини кўрсатади.
Шу даврда энг йирик 20 та солиқ тўловчи корхона ҳиссасига 275,1 млрд сўм солиқ, яъни умумий тушумларнинг 19,5 фоизи тўғри келган. Ушбу корхоналарнинг жами товар айланмаси 3,8 трлн сўмни ташкил этган бўлиб, уларга нисбатан қўлланилган солиқ имтиёзлари ҳажми 39,2 млрд сўмга тенг бўлган.
Хусусан, «International Foodchain» МЧЖ (KFC) 78,7 млрд сўм солиқ тўлаб, соҳада биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейин «Mak Food Servis» (Evos) МЧЖ 56,3 млрд сўм кўрсаткич билан иккинчи ўриндан жой олди.
Учинчи йирик солиқ тўловчи сифатида «Oqtepa-Food-Service» МЧЖ (Oqtepa lavash) қайд этилди — ушбу корхона томонидан 31,9 млрд сўм солиқ тўланган. Тўртинчи ўринда «Ketring» МЧЖ бўлиб, унинг солиқ тўловлари 29,5 млрд сўмни ташкил этган. Бешинчи ўринни эса «Feedup Eco» МЧЖ (Feed up) эгаллаб, 6,7 млрд сўм солиқ тўлаган.
Маълумотларга кўра, умумий овқатланиш соҳасида солиқ тушумларининг асосий қисми қўшилган қиймат солиғи ҳиссасига тўғри келади. Аниқроқ айтганда, ҚҚС бўйича тўловлар 115,4 млрд сўмни ташкил этган. Бу эса соҳада товар ва хизматлар айланмаси юқори эканини англатади.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 73,4 млрд сўмга етган. Фойда солиғи 47,6 млрд сўмни, ижтимоий солиқ эса 33 млрд сўмни ташкил этган. Бошқа солиқ турлари бўйича тўловлар ҳажми 5,7 млрд сўмга тенг бўлган.
Таҳлилларга кўра, солиқ тушумларининг салмоқли қисми чекланган сондаги йирик тармоқ корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса умумий овқатланиш бозорида концентрация даражаси юқорилигини ҳамда йирик брендлар иқтисодий фаолликда етакчи ўринни эгаллаётганини кўрсатади.
Vaqt.uz аввалроқ мобил операторлар ва бошқа хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан тўланган солиқлар, товар айланмаси ва уларга берилган имтиёзлар миқдори ҳақида маълум қилган эди.

