
Универсал QR кодли тўлов тизимлари декабрда синовдан ўтказилади
Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун турли тўлов иловалари томонидан қўлланадиган алоҳида QR кодлар ўрнига универсал QR кодли тўлов тизими жорий этилади.

Ўзбекистонда декабрь ойидан универсал QR кодли тўлов тизими пилот тарзида йўлга қўйилади. Бу президентнинг 27 ноябрда қабул қилинган молиявий технологияларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа бош мақсади — турли тўлов иловалари ўрнига ягона QR орқали барча хизматларни қамраб олувчи стандартни жорий этишдир.
Марказий банк 2026 йил январ ойига қадар мамлакат тўлов тизимларида универсал QR коддан фойдаланиш тартибини белгилайдиган норматив ҳужжатни ишлаб чиқиши керак. Ушбу стандарт тасдиқлангач, тадбиркорлар харидорларга бир нечта QR тахтачалар таклиф қилиш ўрнига ягона коддан фойдаланади, мижоз эса исталган тўлов иловаси орқали тўловни амалга ошириши мумкин бўлади.
Марказий банк Тўлов тизимлари департаменти директори ўринбосари Миразиз Мирҳаётовнинг таъкидлашича, ҳозирги амалиётда савдо нуқталари бир нечта QR код ўрнатиши харидорга ноқулайлик туғдирмоқда. Унинг фикрича, стандартлаштириш жараёнини тўлиқ жорий этиш учун тахминан бир йил вақт талаб этилади.
Ҳозирги статистика ҳам QR тўловларга талаб кескин ошганини кўрсатади. 2024 йилда индивидуал QR код олган тадбиркорлар сони 108 мингдан ошди. QR орқали амалга ошган тўловлар ҳажми қарийб 31 фоизга ўсиб, 441,79 миллиард сўмга етди. Бу тенденция рақамли тўлов инфратузилмасининг тез суръатлар билан кенгаяётганини англатади.
Марказий банкка кўра, QR орқали тўловнинг асосий афзалликлари — POS-терминалларга эҳтиёж қолмаслиги туфайли тадбиркорлар харажатларининг камайиши ва амалга оширилган интеграциялар орқали солиқ кешбекининг автоматик ҳисобланишидир. Ушбу ислоҳотлар рақамли иқтисодиётни кенгайтириш ва тўлов экотизимини янада қулай қилишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу қарор доирасида 2026 йилдан мамлакатда «очиқ банкинг» тизими жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди.





