Logo

Урушлар, санкциялар, инқирозлар: глобал тебранишлар нефт нархларига қандай таъсир қилди?

Бугун 16:007 дақиқа

Кўп йиллардан бери дунёдаги вазиятнинг асосий кўрсаткичларидан бири фонд бозори бўлиб келмоқда. Инвесторлар сайёрада юз бераётган турли хил кескин воқеаларга жуда тез муносабат билдиради. Урушлар, табиий офатлар, сиёсий режимларнинг алмашиши, ҳатто ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ҳам — буларнинг барчаси нархларда ўз аксини топади. Инвесторлар учун навбатдаги катта зарба АҚШ ва Исроилнинг Эронга қилган ҳужуми бўлди. Вазиятнинг кескинлашиши нефт нархининг жуда тез кўтарилишига олиб келди. Келинг, тарихда нефт нархининг шундай кескин ўзгаришларига сабаб бўлган бошқа воқеаларни ҳам эслаймиз.

Урушлар, санкциялар, инқирозлар: глобал тебранишлар нефт нархларига қандай таъсир қилди?

Деярли барқарор 1990-йиллар

1990-йиллар давомида Brent маркали нефт нархи нисбатан барқарор бўлиб, бир баррел учун тахминан $18–19 атрофида эди. Энг кескин ўсишлардан бири 1990-йилда юз берди. Ўша йилнинг 2-августига ўтар кечаси Ироқ қўшинлари Қувайт ҳудудига бостириб кирди. 6-август куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ироқ нефти билан савдога эмбарго жорий қилди. Сентябр охирига келиб нефт нархи ўша давр учун рекорд даража — $41,45 гача кўтарилди. Аммо кейинчалик котировкалар аста-секин пасая бошлади.

Рисунок1


1998-йилда эса Brent нархи Осиё молиявий инқирози фонида тушиб кетди. Бу инқироз Таиландда бошланиб, минтақадаги бошқа давлатларга — Корея, Индонезия, Малайзия ва Филиппинга ҳам тарқалди. 1998-йил июн ойида нефт нархи бир баррел учун $11 гача тушди. 10-декабрга келиб эса $9,1 гача пасайди. Бу Россияда 1998-йил 17-августда дефолт эълон қилинишига олиб келган омиллардан бири бўлди. 1999-йил март ойида котировкалар инқирозгача бўлган $15–20 даражасига қайтди.

2000-йиллардаги нефт буми

2000-йилларнинг бошида Brent нархи $20–35 оралиғида ўзгариб турди. 2002-йилдан бошлаб эса нархлар кўтарила бошлади. Мутахассислар бунинг сабабларини Ироқдаги уруш, дунёда нефт истеъмолининг ўсиши ва Форс кўрфази давлатларида осон қазиб олинадиган нефт захираларининг камайиши билан изоҳлаган. 2004-йилнинг октябр ойида Brent нархи $50 чегарасидан ошди. 2005-йил сентябрига келиб эса нефт нархи $65 дан юқори бўлди. Бунга сабаб сифатида 25–29-август кунлари Мексика қўлтиғи ва АҚШнинг жанубий қирғоқларига ёпирилган «Катрина» тўфони кўрсатилади. Табиий офат қўлтиқдаги нефт терминаллари ва платформаларига зарар етказган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар фонида биржаларда нефт нархи фаол равишда ўсди. 2008-йил 29-февралда нефт нархи $100 чегарасидан ошди. Аммо тарихий максимум 4-июл куни қайд этилди — бир баррел учун $143,95.

Бозор бунга Яқин Шарқдаги беқарорлик сабабли муносабат билдирди. Июн ойида Исроилнинг Эронга эҳтимолий зарбаси ҳақида гаплар кучайди. Бундай ҳужум Ҳормуз бўғозининг ёпилишига ва нефт нархининг кескин ошишига олиб келиши мумкин, деган тахминлар бор эди.

Инқирозлар кетма-кетлиги ва нефт нархининг қулаши

Нефт нархи деярли узлуксиз ўсиб келганидан кейин кескин қулаши бошланди. 2008-йил 26-декабрда бир баррел нефт $33,73 турарди. Бу 4-июлдаги кўрсаткичдан 76,6 фоиз паст эди. Бунга жаҳон иқтисодий инқирозининг бошланиши сабаб бўлди. 2010-йилга келиб бир баррел нефт ўртача $70–80 турарди. Аммо «Араб баҳори» — Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида, жумладан, йирик нефт ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Ливияда юз берган норозилик намойишлари — 2011-йилнинг февралида нефт нархининг яна $100 дан юқори кўтарилишига сабаб бўлди.

Уч ой ичида нарх 25 фоиздан кўпроққа ошди ва 2-май куни бир баррел Brent $126,64 га етди. Ливиядан нефт етказиб беришнинг кескин камайиши сабабли юзага келган нарх ўсишини Халқаро энергетика агентлиги ва АҚШнинг стратегик захираларидан нефт чиқарилиши бироз жиловлади. 2011-йил ўрталарида жами қарийб 90 млн баррел нефт захиралардан бозорга чиқарилган.

Brent нархи 2012-йилнинг февралигача $105–115 оралиғида сақланиб қолди. Март ойига келиб эса $128,14 га етди. Бунга Европадаги иқтисодий муаммолар, хусусан, Грециядаги инқироз сабаб бўлди. Греция банкрот бўлиб қолмаслик учун Европа Иттифоқидан расман молиявий ёрдам сўраган эди. 2012-йилда мамлакат учта ёрдам пакетидан иккинчисини олди. Мутахассислар Грециянинг еврозонадан чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида гапирган. Июн ойида нефт нархи $88,69 гача тушди. Шундан кейин яна кўтарила бошлади ва 2013-йилда ўртача $108 даражасида бўлди.

Нефтнинг ортиқчалиги ва ОПЕК қарорлари

2014-йилнинг бошида Brent нефти тахминан $106–109 турарди. Июн ойида нарх $115 гача кўтарилди, аммо августдан бошлаб $100 дан пастга туша бошлади. Нархдаги ўзгаришлар бозорда талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат бузилгани билан боғлиқ эди. Асосий нефт истеъмол қилувчи мамлакатларда ёнилғига бўлган талаб камайган, шу билан бирга таклиф ошган. АҚШда, айниқса сланец нефти қазиб олиш ҳажми юқори бўлиб қолди. 2014-йил давомида АҚШда нефт қазиб олиш ҳажми 1,2 млн баррелга ошиб, 8,7 млн баррелга етди.

Нефтнинг ортиқча таклифи Саудия Арабистонининг экспорт ҳажмини юқори даражада ушлаб тургани сабабли ҳам юзага келди. Бундан ташқари, август охирида танаффусдан кейин Ливиядан нефт етказиб бериш қайта тикланди. 2014-йилнинг октябрида нефт нархи бир баррел учун $90 дан пастга тушди. Бунга Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) нефт қазиб олишни қисқартириш бўйича келиша олмагани таъсир қилди.

Нархнинг пасайиши 2015-йилда ҳам давом этди. Август ойига келиб Brent нархи $41,59 гача тушди. Бунга Хитой фонд бозоридаги инқироз сабаб бўлди — бир ой ичида бозор 30 фоиздан кўпроққа қулади. 2015-йилнинг декабрида ОПЕК мамлакатлари яна нефт қазиб олиш бўйича квоталарни камайтиришдан бош тортди. Оқибатда нефт нархи $40 дан пастга тушди.

Нарх пасайишда давом этди ва 2016-йилнинг январида 2003-йилдан бери энг паст даража — $26,01 га етди. 2016-йилнинг февралида Россия ва ОПЕКнинг уч давлати — Саудия Арабистони, Қатар (2019-йилда ташкилотдан чиқди) ва Венесуэла — нефт қазиб олиш ҳажмини музлатиб қўйиш имкониятини муҳокама қила бошлади. Бу музокаралар фонида котировкалар аста-секин барқарорлаша бошлади.

2016-йил 30-ноябрда ОПЕК+ аъзолари нефт қазиб олишни 2016-йилнинг октябридаги даражага нисбатан 1,75 млн баррелга камайтиришга келишиб олди. Бу нефт нархининг ошишига олиб келди — декабр ойида бир баррел нефт нархи $54 дан ошди.

Санкциялар, пандемия ва янги нарх сакрашлари

2017-йилнинг июнидан бошлаб нефть нархи аста-секин кўтарилди ва 2018-йил 6-октябрда $86,07 га етди. Бунга, жумладан, ноябр ойида АҚШ санкциялари сабаб Эроннинг нефт экспорти қисқариши кутилаётгани таъсир қилди. 2018-йил 28-декабрга келиб эса нефт нархи қарийб 41 фоизга тушиб, $50,57 бўлди. Бозорга АҚШда нефт қазиб олиш ҳажмининг ошиши ва жаҳон иқтисодиётининг секинлашиши сабабли нефт таклифи ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар босим ўтказди. 2020-йилда бундан ҳам кучлироқ қулаши кузатилди. 6-январ куни бир баррел нефт $70,25 турган бўлса, 21-апрелга келиб нарх қарийб 87 фоизга тушиб, $9,12 бўлди. Бунга асосан COVID-19 пандемияси сабаб бўлди. Турли карантин чекловлари туфайли дунёда нефтьга бўлган талаб бир суткада бирданига 29 млн баррелга камайди.

Вазиятни 2020-йилнинг март ойида ОПЕК+ келишувининг барбод бўлиши янада оғирлаштирди. Ёзда COVID-19 сабаб жорий этилган чекловлар юмшатилиши фонида нефт нархи $40–45 гача тикланди. Шундан кейин нархлар айрим тебранишлар билан аста-секин кўтарилиб борди ва 2022-йилнинг февралига келиб бир баррел учун $100 чегарасидан ошди.

Украинадаги уруш бошланганидан кейин, 24-феврал куни нефт нархи $101,29 бўлди. 2022-йилнинг энг юқори кўрсаткичи 8-мартга тўғри келди — нефт нархи $133 дан ошди.

Ғарб давлатлари Россия энергетика ресурсларини зудлик билан импорт қилишни тақиқлашни режалаштирмаётгани маълум бўлгач, нефт нархи пасая бошлади ва яна $100 атрофидаги даражага қайтди.

2023-йилнинг бошида Хитой пандемия чекловларининг катта қисмини бекор қилгани сабабли мамлакат иқтисодий фаоллиги тезлашиши кутилган эди. Аммо иқтисодиётнинг реал тикланиши прогноз қилинганидан секинроқ бўлди. Май ойида нефт нархи $72 дан пастга тушди. Шундан кейин нарх аста-секин кўтарилиб, сентябр ойида $95 чегарасидан ошди. Таҳлилчилар котировкаларнинг ошишини Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаронинг кескинлашуви билан боғлади.

Йил охирига келиб нефт нархи яна тушди ва $70–80 оралиғида сақланиб қолди. Бунга ноябр ойидаги ОПЕК+ йиғилишида нефт қазиб олишни чеклаш бўйича янги чоралар жорий этилгани сабаб бўлди. 2024-йилнинг бошида нефт нархи асосан $80 дан пастга тушмади. Апрел ойида эса $92 дан ошди. Бунга Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви таъсир кўрсатди.

Йил охирига келиб нефт нархи пасайди. Бунга, жумладан, долларнинг мустаҳкамланиши ва Мексика қўлтиғида бўрон сабаб нефт қазиб олиш учун юзага келган хавфнинг камайиши таъсир қилди. 2025-йилда ҳам нефт нархи пасайишда давом этди. Котировкалар январ ойидаги $80 дан декабр ойида $60 гача тушди. Бозорга жаҳон савдосидаги ноаниқлик сабаб нефтга бўлган талабнинг беқарорлиги босим ўтказди. Бу ноаниқлик АҚШ президенти Доналд Трампнинг тариф сиёсати билан боғлиқ эди.

Бундан ташқари, ОПЕК+ нефт қазиб олиш ҳажмини суткасига 137 минг баррелга оширишга қарор қилгани ҳам бозорда таклиф ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирди ва нефт нархига таъсир кўрсатди.

Brent нефтининг нархи 2026-йил июл ойидан бери биринчи марта 100 доллардан ошди

Brent нефтига фючерслар нархи қарийб 2 фоизга
ошиб, бир баррел учун 100 доллардан юқорига кўтарилди. Бу 24-июлдан бери кузатилмаган ҳолат.

Трейдерлар Ҳормуз бўғози атрофидаги вазиятнинг яна кескинлашгани сабабли нефт етказиб беришда узилишлар бўлишидан хавотирда. Яқинда АҚШ Марказий қўмондонлиги Эроннинг бешта нефт танкерини йўқ қилганини маълум қилди. АҚШ томони буни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Америка ҳарбий кемасига қилган икки ҳужумига жавоб сифатида изоҳлади.

9-сентябр куни эрталаб Эрон икки АҚШ кемаси ва саккизта танкерга зарба берганини маълум қилди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса Теҳрон ёпиқ деб эълон қилган бўғоз орқали ўтишга уринган, деб ҳисобланган яна 10 та кемага ҳужум қилинганини билдирди.

Бир кун аввал Саудия Арабистони ҳужумлар сабабли бир нечта энергетика объектлари фаолияти тўхтатилганини маълум қилди. Уруш бошланишидан олдин Ҳурмуз бўғози орқали дунёдаги нефт ва суюлтирилган табиий газ таъминотининг қарийб 20 фоизи ўтган. Бу кунига тахминан 20 миллион баррел нефт дегани.

Ҳозир эса бўғоз орқали кунига тахминан 10 миллион баррел нефт ўтмоқда. Бундай баҳони Vitol компанияси раҳбари Рассел Харди билдирди.

«Goldman Sachs» ҳисоб-китобларига кўра, нефт етказиб беришдаги узилишлар 2027-йилгача давом этиши мумкин. Банкнинг асосий прогнозига кўра, декабр ойида Brent нефтининг нархи бир баррел учун 85 доллар атрофида бўлади. Бироқ кемаларга ҳужумлар янада кучайса, нефт нархи 120 долларгача кўтарилиши мумкин. Жанглар энг авжига чиққан апрел ойининг охирида нефт нархи бир баррел учун 126 долларга етган эди. Июл ойидаги сулҳдан кейин эса нарх 70 долларгача тушган.

Теглар

Асадбек Комилов

Асадбек КомиловМақолалар сони: 222

Барчаси

Мавзуга оид

Урушлар, санкциялар, инқирозлар: глобал тебранишлар нефт нархларига қандай таъсир қилди? | Vaqt.uz