АББ «Давр Банк»нинг 51 фоизини 140 млн долларга сотиб олди
10-сентябр куни АББ олтита битим орқали «Давр Банк»нинг 51 млн дона оддий акциясини харид қилди. Ҳар бир акция 32 281,28 сўмдан баҳоланган.
© YANDEX MAPSОзарбайжон Халқаро банки (АББ) «Давр Банк» хусусий акциядорлик тижорат банки акцияларининг 51 фоизини сотиб олди.
Тошкент Республика фонд биржасида 10-сентябр куни қайд этилган битимларнинг умумий қиймати 1,646 трлн сўмни, яъни тахминан 140 млн долларни ташкил қилди.
Биржа маълумотларига кўра, транзаксия олтита кетма-кет битим орқали амалга оширилган. АББ жами 51 млн дона оддий акцияни ҳар бир акция учун 32 281,28 сўмдан ягона нархда харид қилган.

Эслатиб ўтамиз, 8-июн кунида «Давр банк» акциядорлари банкнинг 51 фоиз акциясини АББ'га сотиш бўйича битимни маъқуллаганди. Келишувга кўра, назорат пакети учун 100 млн доллар тўланиши белгиланганди.
23-август куни эса Озарбайжон президенти Илҳом Алиев АББ'нинг «Давр Банк»даги улушни сотиб олишини расман эълон қилди.
Маълумот учун, «Давр банк»ка 2001-йилда асос солинган. Банк активлари тахминан 1 млрд долларга тенг. Ҳозирда 1,4 млн нафар мижозга хизмат кўрсатади ва мамлакат бўйлаб 43 та филиалга эга.
Шунингдек, банк «ЕБРР», «ХМК», «ОТБ» каби халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиб келади. 2025-йил якунларига кўра, унинг асосий молиявий кўрсаткичлари 30–45 фоизга ўсган.
iHamkor.uz маълумотларига кўра, банкнинг акциядорлари 8 нафар жисмоний шахсдан иборат. Асосий акциядорлар Лутфулла Убаев (42 фоиз) ва Махфуза Убаева (14,7 фоиз) ҳисобланади.





