Logo

Ўзбекистонда маркировка қоидаларини бузганлик учун жарима камайтирилади

Bugun 11:552 daqiqa

Янги тартиб тадбиркорларга енгиллик бериши кутилмоқда. Амалда эса маркировка қоидаларини бузганлик учун жарима охирги ҳисобот чорагидаги соф тушумнинг 2 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистонда маркировка қоидаларини бузганлик учун жарима камайтирилади © CRPT TURON

Ўзбекистонда мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун тадбиркорларга нисбатан жавобгарлик чоралари енгиллаштирилади. Бу президентнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, 2026-йил ноябр ойига қадар тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Унда:

— чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлар учун маркировкалаш қоидаларини бузганлик бўйича жарималарни қатъий миқдорда белгилаш;

— қоидабузарлик биринчи марта аниқланган ҳолатда тадбиркорни жаримага тортиш ўрнига огоҳлантириш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда

Амалдаги жарима қанча?

Ҳозирги тартибга кўра, мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун охирги ҳисобот чорагидаги соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима қўлланади.

Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик жарима қўлланганидан кейин бир йил ичида такрорланса, жарима миқдори 20 фоизгача етиши мумкин. Янги қонун лойиҳаси айнан шу механизмни тадбиркорлар учун енгиллаштиришга қаратилган.

Бунда жаримани соф тушумга боғлаш ўрнига уни қатъий миқдорда белгилаш таклиф этилмоқда. Бу, айниқса, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи субъектлар учун молиявий юкни камайтириши мумкин.

Меҳмонхоналарга алоҳида тартиб

Фармонда меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар учун маркировкалаш бўйича алоҳида тартиб ҳам белгиланди.

Унга кўра, бундай тадбиркорлар сув ва салқин ичимликлар, пиво ҳамда тамаки маҳсулотларини харид қилганда, уларнинг рақамли маркировка кодлари корхона томонидан якуний истеъмолчига реализация қилинган деб эътироф этилади.

Ушбу чора маркировка тизимида меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналари учун ҳисобга олиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган.

Фармонда белгиланган вазифаларни амалга оширишга Вазирлар Маҳкамаси, Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси масъул этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1-июлдан бошлаб мажбурий рақамли маркировка татбиқ этилган товарларни реализация қилиш жараёнида қўшимча текширувлар амалга оширилиши ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid