Logo

Путин ва Пашинян тортишуви: Арманистоннинг Европа Иттифоқига интилиши Россия учун нимани англатади?

Bugun 16:386 daqiqa

Бишкекдаги саммитда Россия президенти Владимир Путин бош вазир Никол Пашинянни Ғарбга юзланиш Арманистоннинг ЕОИИдаги иштироки ва савдо алоқаларини издан чиқаришидан огоҳлантирди.

Путин ва Пашинян тортишуви: Арманистоннинг Европа Иттифоқига интилиши Россия учун нимани англатади? © Foto: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин Арманистон бош вазири Никол Пашинянни огоҳлантириб, Ереваннинг Европа Иттифоқига қўшилиш истаги Москва билан савдо алоқаларини издан чиқариши мумкинлигини билдирди.

Сешанба куни Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасидаги мураккаб музокараларда Путин ушбу масалага тўхталди. Унга кўра, икки томонлама савдонинг келажагини белгилаб олиш учун Москва Ереваннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш ниятига доир аниқ позициясини билиши керак.

Шунингдек, Путин Арманистоннинг Евроиттифоққа қўшилиши Россия етакчилигидаги постсовет давлатларни бирлаштирувчи Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан алоқаларни узишга тенг бўлишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрел ойида Ереван Европа Иттифоқига кириш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилишга қарор қилган эди. Ўз чегаралари ва Евроиттифоқ ўртасида жойлашган қўшни постсовет давлатларини муҳим хавфсизлик қалқони деб билувчи Россия учун бу қадам жиддий келишмовчилик сабабига айланди.

Бишкекдаги учрашувда Арманистон бош вазири Пашинян Ереваннинг Евроиттифоққа қўшилиш интилиши Россия олдидаги мажбуриятларга зид эмаслигини ва мамлакат ЕОИИдан чиқиш ниятида эмаслигини алоҳида таъкидлади.

Путин Пашинянга нима деди?

Кремл хабарига кўра, сешанба кунги музокараларда Путин Россия Арманистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётганини, бироқ Ереваннинг Европа Иттифоқига интилиши унинг ЕОИИдаги иштирокига қийинчиликлар туғдириши мумкинлигини билдирган.

«Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истаги — мамлакат ва халқнинг табиий ҳамда қонуний ҳуқуқи. Арманистон суверен давлат ва ўз тараққиёт йўналишини белгилаш Арманистон халқининг ихтиёридадир», — деди Путин.

«Шунга қарамай, бу ҳолат Арманистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги келгуси иштирокига, шубҳасиз, қийинчиликлар туғдиради. Шунингдек, республиканинг ЕОИИ бозоридаги мавжуд афзалликларини йўққа чиқариб, йўлга қўйилган савдо алоқаларини узиб қўйиш хавфини юзага келтиради», — дея қўшимча қилди у.

Пашинян эса, ўз навбатида, Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш ҳақида ўтган йили қабул қилган қонуни Россия ёки ЕОИИ олдидаги мажбуриятларга зид эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, бу шунчаки ҳукумат томонидан Арманистон халқига тақдим этилган муқобил танловдир.

Арманистон ва Россия муносабатлари қай аҳволда?

1991 йили Совет Иттифоқи тарқалиб кетгач, Арманистон савдо, иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаб, Жанубий Кавказ минтақасида Россиянинг энг яқин шеригига айланди. Шунингдек, Арманистон узоқ вақт давомида Россиянинг минтақадаги асосий иттифоқчиси ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси бўлиб келди. Мамлакат ҳудудида Россия ҳарбий базаси жойлашган, қолаверса, у Россия газига кучли қарам ҳисобланади.

Бугунги кунда Россия Арманистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори (ташқи савдо айланмасида тахминан 30 фоиз улушга эга) ва мамлакат иқтисодиётига энг кўп сармоя киритувчи давлат. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо ҳажми 2,5 миллиард долларга етди.

Аммо бундай иқтисодий алоқаларга қарамай, Тоғли Қорабоғ минтақасидаги тарихий можаронинг кескинлашуви ортидан, 2023 йилдан бери икки мамлакат муносабатлари таранглашди.

Украинада уруш олиб бораётган Россия Озарбойжоннинг асосан арманлар яшаган ва 1990 йиллардан буён амалда мустақил бўлиб келган Тоғли Қорабоғдаги йирик ҳарбий амалиётига ҳарбий жиҳатдан аралашмади.

АҚШдаги Жерман Маршалл фондининг Европа Иттифоқи кенгайиши ва Европа хавфсизлиги бўйича таҳлилчиси Лаурентиу Плеска «Ал-Жазира»га берган интервюсида Москванинг 2023 йилги Қорабоғ урушида Ереванни қўллаб-қувватламагани Арманистоннинг Ғарбга юзланишига сабаб бўлганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бу, ўз навбатида, Москванинг норозилигини келтириб чиқариб, муносабатларнинг янада ёмонлашишига олиб келган.

«Россия Арманистон товарлари импортини чеклашни бошлади ва унга газ, нефт маҳсулотлари ҳамда олмосларни божсиз етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда», — деди таҳлилчи.

ЕОИИ қанақа ташкилот?

Путин аввалроқ Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини ЕОИИ талабларига зид деб баҳолаган эди. У агар Ереван Европа Иттифоқига қўшилса, Арманистонга Евроосиё иқтисодий иттифоқини тарк этишга тўғри келишидан огоҳлантирган.

ЕОИИ — собиқ Совет Иттифоқи давлатларининг иқтисодий ва савдо сиёсатини мувофиқлаштирувчи бирлашма ҳисобланади. Унга Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон аъзо. Ташкилотни тузиш бўйича шартнома 2014 йилнинг май ойида имзоланган ва у ўз фаолиятини 2015 йил январдан бошлаган.

«Chatham House» таҳлил марказининг 2022 йилги ҳисоботида таъкидланишича, ЕОИИ аслида Россия бошчилигида Европа Иттифоқининг Евроосиёдаги муқобилини яратишга қаратилган бир уринишдир.

Хўш, нега Арманистоннинг Евроиттифоққа интилиши Россия ва ЕОИИ учун кескинлик нуқтасига айланди?

«Chatham House» ҳисоботига кўра, ЕОИИ Россия учун муҳим геосиёсий мақсадга хизмат қилади.

«Путин мазкур ташкилотга Совет Иттифоқи тарқалиб кетиши оқибатида йўқотилган Россиянинг таъсир доирасини қайта тиклашга қаратилган ҳаракатларнинг бир қисми сифатида қарайди», — дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.

Шу боис, Кремл назарида Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш истаги Россиянинг минтақадаги ҳукмронлигидан чиқиб кетишга бўлган уринишни англатади.

Июн ойида Пашинян Москванинг Европа Иттифоқига кириш мақсадида ЕОИИдан чиқиш бўйича зудлик билан референдум ўтказиш ҳақидаги чақириғини рад этди.

29 май куни Қозоғистонда бўлиб ўтган ЕОИИ саммитида кескинлик ўз чўққисига чиқди. Путин ва ташкилотнинг бошқа аъзолари — Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон Арманистонни «имкон қадар тезроқ» референдум ўтказишга чақирувчи қўшма баёнот берди.

Путин ЕОИИ саммитида деярли очиқ таҳдид оҳангида гапириб, Арманистонни Ғарб сари интилишдан огоҳлантирди. У Россиянинг Украинадаги урушини эслатиб, «Украина сценарийси» ҳам Киевнинг Европа Иттифоқига интилишидан бошланганини алоҳида таъкидлади.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеомурожаатида Пашинян Путинга жавоб қайтарди. У икки блок ўртасидаги танлов «муқаррар бўлиб қолмагунча», унинг ҳукумати ЕОИИ доирасида ишлашда давом этишини айтди. Шунингдек, Арманистон Европа Иттифоқига номзод мақомини олиш учун расман ариза бермагунича, ҳар қандай референдум шунчаки назарий масала бўлиб қолишини қайд этди.

«Назарий танловни референдумга олиб чиқиш мантиққа ҳам, асосга ҳам эга эмас», — деган эди Пашинян.

Бироқ ШҲТ саммитида у Ереваннинг ЕОИИдан чиқиш нияти йўқлигини яна бир бор таъкидлаб, Ереван доимо Москва билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб келганини билдирди.

Сиёсий таҳлилчи Плесканинг сўзларига кўра, бу жараённинг замирида Арманистоннинг стратегик йўналиши бўйича икки фронт ўртасидаги тортишув ётибди.

«Бироқ Европа Иттифоқига мойил позиция аллақачон аниқ бўлиб улгурган ва Москва уни ортга қайтармоқчи. Июн ойидаги парламент сайловларида сиёсий йўл билан бунга эриша олмагач, энди у иқтисодий шантаж орқали ўз мақсадига етмоқчи», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, июн ойида Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари пайтида Москва Пашинян ҳукуматига иқтисодий ва дипломатик босим ўтказиб, вазиятни ўз фойдасига ҳал қилишга уринганликда айбланган эди.

Унинг қайд этишича, гарчи Арманистон Европа Иттифоқига кириш бўйича қонуний ҳуқуққа эга бўлса-да, ЕОИИ божхона иттифоқида қола туриб буни амалга ошириши ҳуқуқий жиҳатдан ноаниқликни юзага келтиради.

«Аъзо давлатни ташкилотдан чиқариб юбориш механизми йўқ. Қолаверса, Арманистон ташкилотдан чиқиш ҳақида олти ойлик билдиришномани бергани йўқ. Шу сабабли, Европа Иттифоқига интилиш ЕОИИ олдидаги мажбуриятларни ўз-ўзидан бузмайди. Ереван айни пайтда худди мана шу тузоқдан чиқишга уринмоқда, яъни ҳозирча ҳар икки лагерда бир оёғини сақлаб турибди, Москва эса бунинг имконсиз эканини таъкидламоқ», — деди Плеска.

Таҳлилчининг қўшимча қилишича, Россия учун Арманистоннинг Европа Иттифоқига интилиши, энг аввало, Жанубий Кавказ минтақасидаги муҳим таянч нуқтасини йўқотиш хавфини англатади.

Teglar

Mavzuga oid