Уй-жой субсидияси учун аризалар қабули қачон бошланиши маълум қилинди
Субсидия олиш учун талабгорлар ижтимоий баҳолаш натижаларига кўра камида 30 балл тўплаши ва кредит тарихи дастурда иштирок этаётган камида битта тижорат банкининг ички талабларига жавоб бериши лозим.
© vaqt.uzИқтисодиёт ва молия вазирлиги ипотека кредитлари бўйича давлат субсидияси олиш учун аризалар қабули 27-июл куни соат 15:00 дан бошланишини маълум қилди.
Аризалар аввал ажратилган, аммо хабарномаларнинг амал қилиш муддати доирасида фойдаланилмай қолган субсидиялар ҳисобидан қабул қилинади.
Субсидия олиш истагидаги фуқаролар белгиланган ижтимоий мезонлар ҳамда кредит тарихи бўйича баҳоланади. Ариза ижобий кўриб чиқилиши учун номзод ижтимоий баҳолаш натижаларига кўра камида 30 балл тўплаши лозим.
Шунингдек, талабгорнинг кредит тарихи дастурда иштирок этаётган тижорат банкларидан камида бирининг ички талабларига жавоб бериши шарт. Бу талаб ипотека кредитини расмийлаштириш имкониятини баҳолашда асосий мезонлардан бири ҳисобланади.
Кимлар субсидия олиши мумкин?
Субсидия олиш учун ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида Ўзбекистоннинг ҳеч бир ҳудудида мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштирилган турар жой бўлмаслиги керак.
Даромад мезонлари ҳам алоҳида белгиланган. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда яшовчилар учун оиланинг ўртача ойлик даромади меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача, яъни 3,431 млн сўмдан 10,168 млн сўмгача бўлиши лозим.
Тошкент шаҳрида эса ушбу чегара юқорироқ белгиланган. Пойтахтда ариза берувчилар учун ўртача ойлик даромад МҲТЕКМнинг 2,7 бараваридан 9,2 бараваригача, яъни 3,431 млн сўмдан 11,693 млн сўмгача бўлиши талаб этилади.
Ариза қаерда топширилади?
Фуқаролар аризаларни Давлат хизматлари марказлари орқали, шунингдек, myGov мобил иловаси ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширишлари мумкин.
Ариза беришдан аввал OneID тизимидаги шахсий маълумотларни бошқариш панели орқали иштирокчи банкларга кредит тарихини баҳолаш учун зарур маълумотлардан фойдаланишга рухсат бериш талаб этилади.
Шунингдек, кредит тарихини олишга вақтинчалик чеклов ўрнатилмаган бўлиши лозим. Акс ҳолда, банклар кредит тарихини текшира олмайди ва ариза рад этилиши мумкин.
Ҳарбий тузилмалар ходимлари субсидия учун тўғридан-тўғри Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиши мумкин.
Кредит тарихи баҳоланадиган банклар қаторига «Agrobank», «Aloqabank», «Asakabank», «Asia Alliance Bank», «Biznesni rivojlantirish banki», «Hamkorbank», «Ipak Yo‘li Bank», «Ipoteka-bank», «Mikrokreditbank», «Orient Finans Bank», «Trastbank», «Turonbank», «Xalq banki», «Milliy bank» ва «SQB» киради.





