
Уй-жой ва автомобил олди-сотдисида нақд пулда тўлов қилиш тақиқланмоқда
Президент фармони билан бир қатор товарлар, хизматлар ва кўчмас мулк ва транспорт воситалари учун тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов орқали қабул қилинади.

Президентнинг «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–246-сонли фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини кескин камайтириш мақсад қилиб қўйилди. Жумладан, кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,3 бараварга қисқартирилиши, аҳоли томонидан савдо ва хизматларда нақдсиз тўловлар улуши 75 фоизга етказилиши белгиланди.
2026 йил 1 апрелдан бир қатор тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Улар қаторига давлат органлари хизматлари, электр энергияси, газ ва ичимлик суви учун тўловлар, алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиб олиш, АЁҚШларда ёнилғи хариди ва электромобилларни зарядлаш хизматлари киради.
Шунингдек, қиймати 25 миллион сўмдан юқори бўлган товар ва хизматлар учун ҳам нақд пулда ҳисоб-китоблар тақиқланади. Энг муҳим ўзгаришлардан бири — кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган «M», «N», «O» ва «G» тоифадаги транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспортларни сотиш ва сотиб олишда ҳам тўловлар фақат нақд бўлмаган кўринишда амалга оширилиши шарт этиб белгиланди.





