Уй ва автомобил нақд пулсиз қандай олиб-сотилади? Янги тартиб тасдиқланди

Кеча 21:402 дақиқа

1-апрелдан кўчмас мулк ва транспортлар олди-сотдисида

Уй ва автомобил нақд пулсиз қандай олиб-сотилади? Янги тартиб тасдиқланди

ҳисоб-китоблар энди нақдсиз шаклда нотариус ва банклар ўртасидаги электрон маълумотлар алмашинуви орқали амалга оширилади.

Президентнинг тегишли фармонига асосан, сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда битимларни расмийлаштириш жараёнида ахборот хавфсизлиги ҳамда маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш учун Адлия вазирлиги бугун, 16-март куни 3790-рақамли низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Унда кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби келтирилган.

2026-йил 1-апрелдан кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, N, О ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганлиги нотариус ва банклар ўртасидаги электрон маълумотлар алмашиш йўли билан аниқланади.

Унга кўра, энди нотариуслар кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлашни тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар бўйича банклар томонидан тақдим этилган электрон маълумотлар асосида амалга оширади.

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар қуйидаги тартибда амалга оширилади:

• Харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилади;

• Банк томонидан тарафлар ўртасида шартнома бўйича келишилган пул маблағлари нақд ёки нақдсиз шаклда эскроу ҳисобварағига кирим қилинади;

• Шартнома тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан амалга оширилса, тегишли эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган (бошланғич) пул маблағлари кирим қилинади;

• Шартнома тўлиқ ёки қисман кредит маблағлари асосида амалга оширилганда, бу ҳақда кредит ажратаётган банк томонидан нотариусга электрон маълумот юборилади;

• Харидор ёки унинг вакилининг банкдаги (банк картаси, талаб қилиб олингунча, электрон ҳамён) ҳисобварақларидан эскроу ҳисобварақ сифатида фойдаланилиши мумкин;

• Тарафлар олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилади;

• Нотариус эскроу ҳисобварағида маблағлар мавжудлигини электрон шаклда текшириб олади ҳамда шартномани тасдиқлайди;

• Пул маблағлари сотувчи ёки унинг вакилининг ҳисобварағига ўтказилади ёки ҳисобварағига ўтказилган маблағлар уларнинг сўровига кўра нақд шаклда тақдим этилади.

Теглар

Мавзуга оид