UzAuto Motors’нинг бозордаги улуши илк марта 50 фоиздан тушиб кетди

Бугун 17:552 дақиқа

Компания фойдаси ҳам йил бошида 16 фоизга камайганди. Cobalt савдоси қарийб 30 фоизга пасайди.

UzAuto Motors’нинг бозордаги улуши илк марта 50 фоиздан тушиб кетди © sun'iy intelekt

2026 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистонда 121 601 дона автомобил сотилди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» хабар бермоқда.

Йил бошидан бери сотилган автомобиллар сонида UzAuto Motors улуши биринчи марта 50 фоиздан пастга тушиб, 47,8 фоизни ташкил қилди.

Таққослаш учун, бундан икки йил аввал автомобил ишлаб чиқарувчисининг улуши 90 фоиз атрофида эди. Бу даражада юқори пасайиш кўпроқ Khorezm Auto’да ишлаб чиқариш кўпайиши ҳисобига бўлди.

Маълумот учун, Damas ва Labo айнан Хоразмда ишлаб чиқарилади. Бироқ, Khorezm Auto’нинг улуши билан ҳам UzAuto Motors улуши 77,8 фоизни ташкил қилган бўларди.

UzAuto Motors фойдаси ҳам 2026 йилда пасайишни бошлаган. Йилнинг дастлабки чорагида компания ўтган йилга нисбатан 16 фоизга камроқ фойда олди ва соф фойда 648,3 млрд сўмни ташкил қилди.

0

Автоконцерн улуши пасайишига BYD, KIA, Haval ва Chery каби брендлар остида автомобиллар савдоси кўпайгани сабаб бўлди.

Шунга қарамай, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Chevrolet бренди остида сотилган автомобиллар сони 88 216 тадан 95 727 тагача кўпайди.

Бироқ, BYD ва KIA бренди остидаги автомобиллар савдоси ҳам сезиларли кўпайди. BYD гибрид ва электр автомобиллари савдоси 5 953 тадан 10 927 тага кўпайди.

Моделлар савдоси қандай ўзгарди?

Энг оммабоп модель — Cobalt савдоси пасайишда давом этмоқда. Йил бошидан бери 29 923 та Cobalt савдоси амалга оширилган. Бу ўтган йилги кўрсаткич — 42 504 донага нисбатан қарийб 30 фоизга камроқ.

Chevrolet бренди остида бошқа моделлар савдоси 2025 йилнинг мос даврига нисбатан ошган. BYD Yuan Up, KIA Sonet, BYD Chazor каби моделлар савдоси эса кескин кўпайган.

Статистикада фақат Ўзбекистонда йиғилган ёки ишлаб чиқарилган автомобиллар инобатга олинган.

Электромобиллар оммалашмоқда

2024 йил июнь ойида жами таклифларда электромобиллар улуши 5,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2026 йил апрелига келиб бу кўрсаткич 10 фоизга етган. Шу билан бирга, маҳаллий автомобиллар улуши 53,7 фоиздан 47 фоизгача қисқарган.

00

Электромобиллар импорти ҳам тобора ўсиб бормоқда. Йил бошидан бери Ўзбекистонга 508,3 млн долларлик енгил автомобил импорт қилинди. Шундан 309,3 млн доллари электромобил бўлиб, импорт ўтган йилга нисбатан 4 баробар ўсди.

Бензинли автомобиллар импорти эса 3,9 фоизга камайиб, 5 793 донадан 5 568 донага тушган. Уларнинг қиймати ҳам 117,5 млн доллардан 115,8 млн долларга камайган.

Шунингдек, йил бошидан бери гибрид автомобиллар импортида кескин ўсиш кузатилди. Уларнинг импорти ўтган йили 329 та бўлган бўлса, жорий йилда 8,6 баробар ошиб 2 829 тага етди.

Теглар

Мавзуга оид