add

UzAuto Motors’нинг маҳаллий бозордаги устунлиги камайди

Бугун 11:404782 дақиқа

Автомобил ишлаб чиқариш ҳажми ошишига қарамай, UzAuto Motors’нинг маҳаллий бозордаги улуши сезиларли қисқарди.

UzAuto Motors’нинг маҳаллий бозордаги устунлиги камайди

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда жами 419 338 та енгил автомобил ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,5 фоизга кўп, дея хабар берди Миллий статистика қўмитаси.

Маълум бўлишича, автомобил ишлаб чиқарувчилар орасида UzAuto Motors етакчиликни сақлаб қолган бўлса-да, компаниянинг бозор улуши бир йил ичида сезиларли даражада қисқарди. Агар 2024 йилда UzAuto Motors ички бозорнинг 86 фоизини эгаллаган бўлса, 2025 йил якунига келиб бу кўрсаткич 74 фоизгача тушган. Яъни, компания бир йилда 12 фоиз пункт бозор улушини йўқотган.

Моделлар кесимида ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Chevrolet Cobalt етакчилигини сақлаб қолмоқда. Йил бошидан буён 148 мингдан ортиқ Cobalt ишлаб чиқарилган. Бироқ мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,1 фоизга кам. Ноябр ойида эса 16,3 минг дона Cobalt ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу ойига нисбатан бироз ўсиш қайд этилган.

Иккинчи ўринда UzAuto Motors’нинг Damas модели жойлашган. 11 ойда 85,3 минг дона Damas ишлаб чиқарилган бўлиб, йиллик ҳисобда ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоиздан кўпроққа қисқарган.

Шу билан бирга, Tracker модели бўйича ижобий динамика сақланмоқда. 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида 47,8 минг дона Tracker ишлаб чиқарилиб, бу ўтган йилга нисбатан 17,4 фоизлик ўсишни англатади.

Статистикада Malibu ва UzAuto’нинг бошқа юқори нарх сегментидаги моделлари акс этмаган. Бу автомобиллар тайёр ҳолда хориждан импорт қилиниб, ички бозорда сотилмоқда ва миллий ишлаб чиқариш сифатида ҳисобга олинмайди. Компания бу амалиётни 2024 йилги молиявий ҳисоботида ҳам расман тасдиқлаган.

Бошқа ишлаб чиқарувчилар орасида энг катта ўсиш Kia ҳиссасига тўғри келди. Компания 11 ойда 24,5 минг дона автомобил ишлаб чиқариб, 26,8 фоизлик ўсишни қайд этди. Шунингдек, BYD — 17,5 минг дона, Haval — 8 891 дона, Chery — 8 627 дона автомобил ишлаб чиқарган. Tank 500 модели эса 50 дона миқдорида йиғилган. Махсус енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 49 372 донани ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид