
Uzbekistan Airways талабалар учун чегирма эълон қилди
Uzbekistan Airways талабаларга маҳаллий парвозларда 50 фоизгача чегирма эълон қилди. Бунда талаба давлат ОТМда ўқиётганини тасдиқловчи маълумотнома тақдим этиши керак.

Uzbekistan Airways мамлакатдаги ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида таҳсил олувчи талаба ва ўқувчилар учун барча маҳаллий йўналишларда парвоз қилишда 50 фоизгача чегирма жорий этганини маълум қилди. Компанияга кўра, чегирма давлат таълим муассасасида ўқишни тасдиқловчи ҳужжат асосида берилади.
Маълумотнома ЯИДХП (YIDXP) орқали онлайн тарзда, таълим муассасасининг ўзида ёки «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» ДМ томонидан бериладиган электрон тасдиқнома орқали олиниши мумкин. Бу эса талабаларга ҳужжат тайёрлаш жараёнини енгиллаштиради ва чегирмадан тез фойдаланиш имконини яратади.
Чегирма 2025 йил 26 декабрдан 2026 йил 11 январгача амал қилади. Компанияга кўра, мазкур муддат қиш мавсумида ички туризм фаоллашадиган даврга тўғри келади ва талабалар учун уйга қайтиш ёки мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни арзонлаштиради.
Талабалар Uzbekistan Airways Sales филиаллари, мамлакат бўйлаб фаолият юритаётган агентликлар ёки booking.uzairways.com сайти орқали чипталарни чегирма билан харид қилиши мумкин. Шу билан бирга, авиачипта тарифидан ташқари қўлланиладиган солиқлар, йиғимлар ва қўшимча тўловлар учун чегирма берилмаслиги таъкидланди.





