Uzcard 2025-йилда 100 млн доллардан кўпроқ фойда олди
Компания Ўзбекистондаги 90 фоиз банкка нисбатан кўпроқ фойда олишга эришди.

«Ягона умумреспублика процессинг маркази» — Uzcard тўлов тизими 2025-йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олишга эришди. Бу ҳақда компаниянинг йил якунилари бўйича молиявий ҳисоботидан маълум бўлди.
Uzcard фойдаси долларда ҳисобланганда 103,8 млн долларни ташкил қилди. Соф фойда 2024-йилдаги 955 млрд сўмга нисбатан қарийб 37 фоизга кўпайган.
Компания даромади 2025-йилда 68 фоизга ошиб, 2,2 трлн сўмгача кўтарилди. Даромаднинг асосий қисми қуйидаги манбалардан шаклланган:
Транзакциялар процессингидан олинган комиссиялар — 1,94 трлн сўм
Транзакцион бўлмаган процессинг комиссиялари — 230,6 млрд сўм
Бошқа тушумлар — 2,6 млрд сўм
Йил давомида Uzcard активлари 48 фоизга ўсиб, 1,1 трлн сўмга етди. Капитал эса 37 фоизга кўпайиб, 809 млрд сўмни ташкил қилди.
Шунга қарамай, фойда солиғи камроқ тўланмоқда. 2024-йилда 6,39 трлн сўмлик солиқ тўланган бўлса, 2025-йилга келиб бу кўрсаткич 6,18 трлн сўмгача тушиб кетди.
Бунга Uzcard’нинг IT-Park резиденти сифатида берилган қатор имтиёзлардан фойдаланиб келаётгани сабаб бўлди.
Молиявий ҳисобот дунёдаги етакчи аудиторлик компаниялари — «Катта тўртлик» таркибига кирувчи Ernst & Young (EY) томонидан аудитдан ўтказилган.
Соф фойда бўйича Uzcard Ўзбекистондаги деярли 90 фоиз банкка нисбатан кўпроқ фойда олган. Компанияга нисбатан банклардан ўтган йил фақат «Миллий банк», «SQB», «Kapitalbank» ва «Hamkorbank» кўпроқ фойда олишга эришди.





