«UzChasys»даги давлат улуши 333 миллиард сўмга сотилди

Наманганда жойлашган «UzChasys» компанияси автомобиллар учун ёритиш жиҳозлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Апрел ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги корхонадаги 70 фоиз давлат улушини онлайн аукционга чиқарган эди.

«UzChasys»даги давлат улуши 333 миллиард сўмга сотилди © uzchasys

25 май куни Э-аукцион платформасида ўтказилган аукционда Наманган вилоятида жойлашган «UzChasys» қўшма корхонасидаги давлат улуши сотилди. Давлат активларини бошқариш агентлиги корхонадаги 70 фоиз улушни апрель ойида аукционга аукционга чиқарган эди.

Автомобиллар учун ёритиш жиҳозлари ишлаб чиқарувчи завод акциялари бўйича аукцион 51 дақиқа давом этди. Бошланғич нарх 185 миллиард сўм этиб белгиланган бўлиб, савдо жараёнида иштирокчилар томонидан 16 та таклиф билдирилди.

Якунда «Best Pipe and Parts» компанияси 332,96 миллиард сўмлик энг юқори таклиф билан ғолиб деб топилди. Бу сумма бошланғич нархдан қарийб 80 фоиз юқори.

Ғолиб бўлган харидор харидор яъни, «Best Pipe and Parts» компанияси аукцион якунланганидан кейин беш иш куни ичида актив учун тўловни амалга ошириши керак. Агар у тўловни амалга оширмаса ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортса, активни сотиб олиш ҳуқуқи иккинчи энг юқори таклиф берган иштирокчига ўтади. Иккинчи харидор ҳам битимдан воз кечса, лот қайта аукционга чиқарилади.

Битим шартларига кўра, ғолиб бўлган харидор компаниянинг асосий фаолият йўналишини камида 10 йил давомида сақлаб қолиши шарт. Шунингдек, ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш ёки сотиш жараёнлари «O‘zavtosanoat» билан келишилиши лозим. Бундан ташқари, харидор тасдиқланган ҳамкорлар билан техник қўллаб-қувватлаш бўйича лицензия келишувларига ҳамда «General Motors» технологияларидан фойдаланишга оид асосий шартнома талаблари ва чекловларига амал қилиши талаб этилади.

«Best Pipe and Parts» компанияси ҳақида

«Best Pipe and Parts» 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, автотранспорт учун бутловчи қисмлар ва аксессуарлар ишлаб чиқаради.

Корхона илгари «Uz-Dongwon Co» номи билан фаолият юритган. Унинг устав капитали 297 миллион сўмни ташкил этади, энг йирик акциядор сифатида эса «UzAuto Korea» қайд этилган.

Компания сўнгги вақтларда автосаноатга оид бир нечта активларни ҳам хусусийлаштирди. У феврал ойида «Avtokomponent» компаниясининг 98,8 фоизини 105 миллиард сўмга, августда эса «Avto Climate Control» корхонасини 230 миллиард сўмга сотиб олган.

Янги битим унинг ишлаб чиқариш портфелини янада кенгайтирилиши кутилмоқда.

«UzChasys» ҳақида

«UzChasys» 2008 йилда Кореянинг «AMS Co Ltd» компанияси ва «O‘zavtosanoat» иштирокида ташкил этилган. Корхона Наманган шаҳрида жойлашган бўлиб, автомобиллар учун ёритиш ускуналарини ишлаб чиқаради.

Корхона балансидаги асосий фондлар қиймати 86,89 миллиард сўмни ташкил этади, уларнинг эскириш даражаси 71 фоизга етган. Айланма активлар ҳажми 169,2 миллиард сўм, қарз мажбуриятлари эса 100 миллиард сўмга тенг. 2025 йил якунига кўра соф фойдаси 40,76 миллиард сўмни ташкил қилган, заводда мингдан ортиқ ходим меҳнат қилади.

Давлат хизматлари агентлиги 2024 йил ноябр ойида ҳам «UzChasys»даги 70 фоиз давлат улушини савдога чиқарган. Аммо жараён бўйича якуний маълумотлар очиқланмаган эди.

Теглар

Мавзуга оид