
Узоқ кутилган хабар: Тошкент ҳавоси яхшиланди
Дунёда ҳаво ифлосланиши бўйича юқори ўринларда туриб келаётган Тошкент шаҳрида бугун PM2,5 заррачалари меъёрдан ошмагани қайд этилди.

7 декабр соат 09:00 ҳолатида атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматик станциялари маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 27,4 mkg/m3'ни ташкил этиб, рухсат этилган меъёрлардан ошмади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» маълум қилди.
Шунингдек, Тошкент ҳавосида PM10 майда дисперсли заррачаларнинг миқдори 45,1 mkg/m3'ни ташкил этиб, бу рухсат этилган меъёрлардан (REM) (300 mkg/m3) ошмади.
Маълумот учун, бундан бир кун аввал, 6 декабр соат 09:00 ҳолатида Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори рухсат этилган меъёрдан 1,2 марта ошган эди.
IQAir маълумотига кўра, 7 декабр соат 11:40 ҳолатида Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиш дунё рейтингида 47-ўринга тушди.

Эслатиб ўтамиз, об-ҳаво прогнозларига кўра, 8 декабр куни Тошкент шаҳрида ёмғир ёғиши кутилмоқда.





