«Uzum» 3 йилда фойдага чиқди: EBITDA ижобий

15.02.2026 | 12:402 дақиқа

«Uzum» 2025 йил якунларини эълон қилди. Энг асосий бурилиш — e-commerce йўналишида биринчи марта ижобий EBITDA қайд этилди. Бу рақамлар нима англатади?

«Uzum» 3 йилда фойдага чиқди: EBITDA ижобий

«Uzum» гуруҳи 2025 йил молиявий натижаларини очиқлади. Ҳисоботга кўра, компания стратегик ёндашувни ўзгартирган: янги сервислар ишга тушириш ўрнига мавжуд хизматларни кенгайтириш ва уларни ҳудудий жиҳатдан чуқурлаштиришга урғу берилган, деб ёзмоқда «Beshtor».

Энг катта натижа «e-commerce» сегментида қайд этилди. «Uzum» биринчи марта ижобий EBITDA кўрсаткичига эришди. Бу операцион фаолият ўзини қоплай бошлаганини англатади. Яъни, бизнес энди ташқи сармояга тўлиқ таянаётган моделдан узоқлаша бошлаган.

Ҳисоботда келтирилишича, товар айланмаси йил давомида 1,5 баробар ўсиб, 500 млн доллардан ошган. Буюртмалар сони 34 млндан юқори бўлган.

Хизматлар кенгайди

«Uzum Tezkor» 26 та шаҳарга кириб борди ва мамлакат бўйича энг кенг қамровли хизматлардан бирига айланди. «Uzum Market» эса 1500 та буюртма бериш пунктига етди ва 450 та аҳоли пунктини қамраб олди. Компания маълумотига кўра, ҳатто 500–600 киши яшайдиган ҳудудларда ҳам маркетплейс хизматлари мавжуд.

Кенгайишда франшиза модели муҳим ўрин тутган. Тадбиркорлар учун пункт очиш имконияти яратилгани тармоқни тез суръатда ривожлантирган.

Финтех экотизимнинг муҳим драйверига айланган. Ҳозир «Uzum Market» ва «Uzum Tezkor»даги буюртмаларнинг 50 фоиздан ортиғи «Uzum Visa» картаси орқали тўланмоқда. Карталар сони 4 млндан ошган. Илгари бу кўрсаткич 1,5 млн атрофида эди.

Рақамлар ва истиқбол

Муддатли тўлов ва микроқарзлар ҳажми 3 баробар ўсиб, 1,2 млрд долларга етган. «Uzum Bank» омонат хизматини яқинда йўлга қўйганига қарамай, 50 млн доллардан ортиқ маблағ жалб қилган.

Компания таъкидлаган яна бир жиҳат — 11.11 акцияси давомида мижозлар «Uzum» картаси орқали 400 минг доллардан ортиқ маблағни тежаган. Бу экотизим ичидаги ўзаро боғлиқ моделнинг самарасини кўрсатади.

Жаҳон амалиётида маркетплейслар одатда ижобий EBITDAга чиқиш учун 5–6 йил сарфлайди. «Uzum» эса бу босқичга 3 йил ичида етиб келганини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид

«Uzum» 3 йилда фойдага чиқди: EBITDA ижобий | Vaqt.uz