Валюта бозорида кучлар алмашмоқда: 2025-йил натижалари нимани кўрсатди?
2025-йилда глобал валюта бозоридаги динамика ривожланаётган мамлакатлар фойдасига ўзгарди ва доллар позициясига босим кучайди.
© ua.depositphotos.comИқтисодий ҳолат, савдо оқимлари ва молиявий барқарорлик каби омиллар глобал валюта курсларига таъсир қилишда асосий рол ўйнашда давом этмоқда. Қуйидаги инфографика 2025-йилда дунёнинг энг фаол савдо қилинадиган валюталари қандай натижа кўрсатганини ва асосий минтақалар кесимида валюта кучини акс эттиради.

Йирик иқтисодиётлар валюталари кучини йўқотмоқда
Ривожланган иқтисодиётлар орасида АҚШ доллари ҳали ҳам глобал валюта бозорида етакчи бўлиб қолмоқда. Халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотларига кўра, унинг кунлик савдо ҳажми ўртача 8,56 трлн долларни ташкил этади. Евро (2,77 трлн доллар) иккинчи ўринда, Япония иенаси эса Осиёда энг кўп савдо қилинадиган валюта бўлиб қолмоқда.
Шунга қарамай, 2025-йил ривожланган мамлакатлар валюталари учун нисбатан заиф йил бўлди. Айниқса, АҚШ доллари иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва фоиз ставкалари бўйича кутилмалар ўзгариши фонида 9,1 фоизга қадрсизланди.

Евро эса истисно бўлди – инфляция босими пасайиб, минтақада иқтисодий ўсиш кутилмалари яхшиланиши ортидан у 13,0 фоизга тикланди.
Шу билан бирга, Япония иенаси деярли ўзгаришсиз қолди – АҚШ ва Япония пул-кредит сиёсатлари ўртасидаги фарқ сақланиб қолгани сабабли у долларга нисбатан атиги 0,1 фоизга ўсди.
Ривожланаётган бозорлар олдинга чиқди
Бундан фарқли равишда, 2025-йилда кўплаб ривожланаётган давлатлар валюталари кучли ўсиш кўрсатди. Бу капитал оқимларининг ўзгариши ва инвесторлар ишончи ошиши билан боғлиқ.
Мексика песоси энг яхши натижани кўрсатиб, АҚШ долларига нисбатан 15,3 фоизга қимматлашди. Ундан кейин Жанубий Африка ранди 13,5 фоиз ўсиш билан иккинчи ўринни эгаллади – бу Лотин Америкаси ва Африканинг айрим ҳудудларида иқтисодий тикланишни кўрсатади.
Бироқ барча валюталар ўсмади: Ҳиндистон рупийси 4,8 фоизга қадрсизланди – бу ички иқтисодий муаммолар ва капитал чиқиб кетиши билан боғлиқ.
Яқин Шарқда эса БАА дирҳами барқарор қолди, чунки у АҚШ долларига боғланган (пег қилинган) бўлиб, амалда доллар динамикасини такрорлади.
Валюта бозорида янги манзара
2025-йилда ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар валюталари ўртасидаги фарқ глобал валюта бозори қандай тез ўзгариши мумкинлигини кўрсатди.
АҚШ доллари заифлашгани сари капитал юқори даромад келтирадиган ва аввал кам баҳоланган валюталарга йўналди. Бу эса кўплаб ривожланаётган бозорларда кучли тикланишга олиб келди.





