
Vaqt.uz иқтисодий ҳафтанинг асосий воқеаларига бағишланган янги лойиҳа бошлади
Vaqt.uz ҳафтанинг иқтисодий қарорлари ва жараёнларини таҳлил қилувчи янги кўрсатувни намойиш этди. Илк сонда бир қатор долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда ҳафта давомида иқтисодий соҳада қабул қилинган муҳим қарорлар, имзоланган битимлар ва жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган воқеаларни таҳлил қилишга бағишланган янги таҳлилий лойиҳа старт олди. Янги кўрсатув Vaqt.uz YouTube каналининг янги медиапроектидир.
Лойиҳанинг илк сонида иқтисодчи Отабек Бакиров ва PhD даражасига эга венчур инвестор Лайло Хондамировна иштирок этди. Унда Миллий Экоқўмита фаолияти, давлат-хусусий шерикликда имзоланган янги шартномалар, таннарх ҳақидаги Президент фармойиши, Cobalt контрактацияси, уяли алоқа бозоридаги рақобат муҳити ва чой пули атрофидаги ижтимоий муносабатлар сингари масалалар муҳокама қилинди.
Таҳлилий кўрсатувда айни вақтда муҳокамаларга сабаб бўлаётган монополиялар ва маҳаллийлаштирувчи корхоналарнинг утилизация йиғимлари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Лойиҳа YouTube платформасида жойлаштирилган бўлиб, ҳар ҳафта иқтисодий кун тартибини қамраб олади.
Ҳозирча лойиҳа номи аниқ эмас — Vaqt.uz томонидан энг яхши ном таклиф этган ўқувчига совға тақдим этилиши эълон қилинди.
Кўрсатув доимий форматда давом этиши ва ҳафталик иқтисодий таҳлилнинг асосий манбаларидан бирига айланиши режалаштирилмоқда. Мазмун жиҳатидан у оддий аудитория учун тушунарли, мутахассислар учун эса долзарб таҳлилий манба бўлади.





