add

Вазирлик «Электрон рецепт» тизими бўйича изоҳ берди

Кеча 17:384622 дақиқа

Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон рецептлар босқичма-босқич жорий этилаётганини билдириб, аҳоли хавотирларига жавоб сифатида тизимнинг мақсадлари ва кафолатларини аниқлаштирди.

Вазирлик «Электрон рецепт» тизими бўйича изоҳ берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамиятда фаол муҳокама этилаётган электрон рецептлар тизими юзасидан расмий баёнот берди.

Вазирликка кўра, тизим жорий этилишининг асосий мақсади — даволаш хавфсизлигини ошириш, беморлар саломатлигини ҳимоя қилиш ва дори тайинлаш жараёнини тартибга солишдир. Шу орқали шифокорлар масъулияти кучайтирилиши, соғлиқни сақлаш тизимида рақамли ҳисоб юритилиши ҳамда контрафакт дори воситалари айланмаси камайтирилиши кутилмоқда.

Айни пайтда электрон рецепт тизими Тошкент шаҳри ҳамда белгиланган 15 та туманда синов тариқасида амал қилмоқда. Республика бўйлаб тўлиқ жорий этиш 2026 йил охиригача босқичма-босқич амалга оширилади. Бу давр мобайнида натижалар таҳлил қилиниб, аниқланган техник ва ташкилий муаммолар асосида механизмлар такомиллаштирилади.

Вазирлик фавқулодда ҳолатлар, болалар, кекса шахслар ва сурункали касаллар зарур дори воситаларисиз қолмаслигини алоҳида таъкидлади. Ушбу тоифадаги беморлар доимий назоратда бўлади.

Шунингдек, рецептсиз бериладиган асосий ҳаётий муҳим дори воситалари рўйхати шакллантирилиб, вазирлик расмий ресурсларида эълон қилинган. Рўйхат халқаро амалиёт ва шифокорлар тавсиялари асосида тузилган бўлиб, амалиётдаги натижалардан келиб чиқиб янгиланиши мумкин.

Янги тизимни жорий этиш жараёнини назорат қилиш учун вазир раҳбарлигида доимий ишчи гуруҳ ташкил этилган. Гуруҳ таркибига шифокорлар, дорихона ташкилотлари ва АКТ мутахассислари кирган. Улар тизимнинг ишлаш самарадорлигини мониторинг қилади, фуқаролар ва тиббиёт ходимларининг мурожаатларини кўриб чиқади, рақамли сервислар барқарорлиги ҳамда поликлиникалар юкламасини таҳлил қилади. Зарур ҳолларда тезкор тузатишлар киритилиши белгиланган.

Тошкент ва тажриба ҳудудларидаги дорихоналарда электрон рецепт бўйича юзага келаётган мурожаатлар учун @ssv_pilotbot телеграм боти ишга туширилган. Барча мурожаатлар устувор тартибда қабул қилинади ва кўриб чиқилади.

Вазирлик тизим бўйича жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб боришини маълум қилди. Асосий вазифа сифатида даволаш хавфсизлиги ва дори воситаларининг узлуксиз мавжудлиги ўртасида мувозанат таъминланиши, барча қарорлар эса бемор манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилиниши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz «Электрон рецепт» тизими, унинг қандай ишлаши ва тизимга ўтишда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар борасида мақола эълон қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид