Logo

Вазирлик Vaqt.uz суриштирувига муносабат билдирди, аммо асосий саволлар очиқ қолмоқда

Бугун 17:553 дақиқа

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Vaqt.uz’нинг талабалар ётоқхоналари бўйича суриштирувига расмий изоҳ берди. Бироқ баёнотда давлат дастури ижроси, қурилган ётоқхоналар ва статистик рақамларга оид асосий саволларга ойдинлик киритилмади.

Вазирлик Vaqt.uz суриштирувига муносабат билдирди, аммо асосий саволлар очиқ қолмоқда

Vaqt.uz аввалроқ талабалар турар жойлари билан боғлиқ вазиятни ўрганиб, «Талабалар ётоқхонаси парадокси: бир қўл билан қуриляпти, иккинчи қўл билан эса сотиш авжида» номли суриштирувни эълон қилган эди. Унда 2022–2025 йилларда талабалар ётоқхоналари қурилиши учун ажратилган бюджет маблағлари, давлат дастурлари ҳамда оммавий савдога чиқарилган талабалар турар жойлари таҳлил қилинган.

Суриштирув ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса мақола юзасидан расмий муносабат билдирди.

Вазирлик нималарга изоҳ берди?

Вазирликка кўра, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган айрим лотлар талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки талабалар турар жойлари таркибидаги ертўла, ошхона, буфет, ҳовли қисми ҳамда бошқа ёрдамчи майдонлардан иборат. Қуйидагиларга изоҳ берилган:

Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалар турар жойининг ҳовли қисмидаги 69,8 квадрат метр бўш майдон;

Фарғона давлат университети ертўласидаги 40 квадрат метр бўш хона;

Гулистон давлат университетидаги 37 ва 52 квадрат метрлик бўш хоналар;

Урганч давлат университетидаги 36 квадрат метрлик ошхона;

Фарғона давлат техника университетидаги ошхона биноси;

Термиз давлат университети ҳудудидаги технологик майдон оммавий савдолар орқали ижарага бериш учун жойлаштирилган.

Шунингдек, вазирлик Ўзбекистон миллий педагогика университетига тегишли объектларнинг оммавий савдога чиқарилиши Президентнинг ПФ–70-сон фармони асосида амалга оширилаётганини билдирди. Университетнинг мавжуд бинолари Янги Тошкентдаги янги кампус фойдаланишга топширилгандан кейингина бўшатилади.

Айни пайтда эса университет маблағлари ва сотувдан тушадиган маблағлар ҳисобидан 5 минг ўринли янги талабалар турар жойлари қурилмоқда.

«Мазкур объектлар талабаларни яшаш жойлари ҳисобланмайди ва талабалар турар жойлари ўринлари қисқаришига сабаб бўлмайди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Аммо асосий саволлар жавобсиз қолди

Вазирлик баёноти айрим эътирозларга изоҳ берган бўлса-да, суриштирув давомида кўтарилган асосий саволларга жавоб бермайди.

Биринчидан, 2021 йил 10 сентябрдаги ҳукумат қарори билан 2022–2025 йилларда 241 та талабалар турар жойи қуриш ва 109,7 минг янги ўрин яратиш режалаштирилган эди. Вазирлик эса айни даврда 74,1 минг ўрин яратилганини маълум қилди.

Вазирлик келтирган ушбу кўрсаткич ҳукумат қароридаги 109,7 минг ўринлик режа билан таққосланганда, дастур тахминан 67,5 фоиз бажарилганини англатади. Бироқ баёнотда бу тафовут сабаблари изоҳланмаган.

Иккинчидан, вазирлик яна қурилган объектлар сони эмас, яратилган ўринлар сонини эълон қилди. Ҳолбуки, ҳукумат қарорида асосий индикатор айнан қурилиши лозим бўлган талабалар турар жойлари сони эди.

Бугунги кунгача 241 та лойиҳанинг нечтаси фойдаланишга топширилгани, қанча лойиҳа кечикаётгани ва нечта объект қурилишда экани ҳам очиқланмади.

Учинчидан, вазирлик қайд этган 74,1 минг ўриннинг қанчаси янги қурилиш, қанчаси реконструкция ёки мавжуд биноларни қайта жиҳозлаш ҳисобига яратилгани ҳам очиқланмади.

Бундан ташқари, вазирлик муносабатида 2021-йилда тасдиқланган дастур ижрос бўйича тўлиқ маълумот ҳам келтирмади. Бу эса ҳукумат қарорида белгиланган вазифалар амалда қай даражада бажарилганини аниқ баҳолаш имконини чеклайди.

Вазирлик айрим масалаларга ойдинлик киритди. Аммо давлат дастурининг ижроси, қурилган ётоқхоналар сони ва расмий рақамлар ўртасидаги тафовутга оид асосий саволлар ҳали ҳам очиқ. Бу саволларга фақат тўлиқ ва очиқ маълумотларгина ойдинлик киритиши мумкин. Акс ҳолда рақамлар ўйини давом этаверади, талабалар ётоқхонаси муаммоси эса ўз ечимини топмайди.

Теглар

Мавзуга оид