
Венесуэла — шунчаки нефт захираси эмас: Трамп кўз тиккан «ер остидаги хазина» нималардан иборат?
Дунё Венесуэлани фақат нефт омбори деб билади, бироқ бу мамлакат тупроғи остида бутун бошли «занг босган» бойликлар яширинган. Трамп маъмуриятининг Венесуэлага бўлган кескин қизиқиши ортида нафақат 303 миллиард барреллик нефт, балки улкан захирали нодир металлар ётибди.

Ўтган ҳафтада Венесуэла президенти Николас Мадуро ўғирлаб кетилганидан сўнг, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти мамлакатнинг нефт қазиб олиш ҳажмини тез фурсатда тиклаш ва тоғ-кон секторини кенгайтириш ниятида эканини маълум қилди.
«Сизларда пўлат бор, минераллар бор, барча муҳим қазилмалар бор. Уларда занг босиб ётган бой тоғ-кон тарихи мавжуд. Президент Трамп буни ўз жойига қўйди ва қайта тиклайди», - деди АҚШ Савдо вазири Говард Лутник ўтган якшанба куни президент самолёти бортида журналистларга.
Хўш, Венесуэлада қандай захиралар ва ресурслар мавжуд?
Дунёдаги энг йирик нефт захиралари
2023 йил ҳолатига кўра, Венесуэла дунёдаги энг йирик тасдиқланган нефт захираларига эга бўлиб, у 303 миллиард баррелни ташкил этади. Бу АҚШдаги захиралардан (55,25 миллиард баррель) беш баробар кўпроқ. Венесуэла, шунингдек, 1960 йил сентабр ойида Бағдодда Эрон, Ироқ, Қувайт ва Саудия Арабистони билан биргаликда OPEC’га (Нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти) асос солган аъзолардан бири ҳисобланади.
Венесуэла нефт захиралари асосан мамлакат шарқидаги тахминан 55 000 квадрат километр майдонни эгаллаган Ориноко нефт минтақасида тўпланган бўлиб, у давлатга қарашли «Petroleos de Venezuela» (PDVSA) компанияси томонидан назорат қилинади.
Ориноко минтақасидаги нефт ўта қуюқ ва ёпишқоқ бўлиб, у оддий нефтдан анча оғир ҳисобланади. Шу сабабли уни ер остидан қазиб олиш жуда мураккаб ва катта харажат талаб қилади. Солиштириш учун, у АҚШда олинадиган енгил ва «тоза» нефт турларидан анча фарқ қилгани учун бозорда арзонроқ баҳоланади. Ушбу минтақа нефтини қайта ишлаш учун эса АҚШнинг Техас ва Луизиана штатларида мавжуд бўлган илғор технологиялар талаб этилади.
Венесуэла нефтини ким сотиб олади?
Венесуэла бир пайтлар йирик нефт экспортчиси бўлган. 1990 йилларнинг охири ва 2000 йилларнинг бошида у АҚШга кунига тахминан 1,5–2 миллион баррел нефт етказиб берган ва АҚШнинг энг йирик хорижий нефт манбаларидан бири эди.
Бироқ, сиёсий беқарорлик, PDVSA компаниясидаги нотўғри бошқарув, инвестициялар етишмаслиги ва АҚШнинг энергетика соҳасига киритган санкциялари ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келди.
2024 йилда Венесуэла кунига ўртача 952 000 баррел нефт қазиб олди. Reuters ҳисоботига кўра, PDVSA’нинг 2024 йилдаги хорижий нефт савдоси 17,52 миллиард долларни ташкил этган.
Хитой сўнгги ўн йил давомида Венесуэла нефтининг энг йирик харидори бўлиб қолмоқда. 2025 йил ноябр ойида, АҚШнинг ҳарбий блокадаси бошланишидан олдин, Венесуэла кунига 952 000 баррел нефт экспорт қилган. Бунинг 81,7 фоизи (778 000 баррел) Хитойга юборилган. АҚШ Венесуэла нефтининг 15,8 фоизини импорт қилиб, иккинчи ўринда туради; ундан кейинги ўринларда эса Куба (тахминан 2,5 фоиз) бормоқда.
Табиий газ
Венесуэла табиий газ захиралари бўйича дунёда тўққизинчи ўринни эгаллайди. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, мамлакат газ захиралари тахминан 5,5 триллион куб метрни ташкил этади. Бу Жанубий Америкадаги жами газ захираларининг 73 фоизи деганидир. Эътиборли жиҳати шундаки, бу захираларнинг аксарияти нефт конлари билан боғлиқ. Яъни, қазиб олинаётган табиий газнинг қарийб 80 фоизи нефт қазиб олиш жараёнидаги қўшимча маҳсулот (йўлдош газ) ҳисобланади.
Олтин
Венесуэла Лотин Америкасидаги энг йирик расмий олтин захираларига эга. Бутунжаҳон олтин кенгаши (Wоrld Gold Council) маълумотларига кўра, мамлакатнинг расмий захиралари тахминан 161,2 тоннани ташкил этади, бу бугунги бозор нархида 23 миллиард доллардан ошади. Шунингдек, Венесуэла ҳали ўзлаштирилмаган улкан олтин конларига эга деб ишонилади, бироқ бу борадаги расмий маълумотлар эскирган.
2011 йилда собиқ президент Уго Чавес Orinoco Mining Arc лойиҳасини эълон қилган эди. 2016 йилда Мадуро ушбу ҳудудни янада ривожлантиришга киришди ва мамлакат ҳудудининг 12 фоизини тоғ-кон ишлари учун ажратди. Ҳукумат бу ерда олмос, никел, колтан ва мис захиралари борлигини айтган.
2018 йилда Мадуро хорижий компаниялар билан 5,5 миллиард долларлик шартномалар имзолаб, олтин соҳасига инвестиция жалб қилиш бўйича «Олтин режаси»ни эълон қилди. Бироқ, бу шартномаларнинг бирортаси амалга ошмади ва конларнинг аксарияти ҳанузгача давлатга бўйсунмайдиган қуролли гуруҳлар назоратида қолмоқда. Венесуэла Экологик тоғ-кон саноатини ривожлантириш вазирлигининг 2018-йилги ҳисоботида мамлакатда камида 644 тонна олтин борлиги айтилган, бироқ ҳукумат ҳақиқий рақамлар бундан анча юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
Венесуэлада яна қандай фойдали қазилмалар бор?
2018-йилги фойдали қазилмалар каталогига кўра, қуйидаги захиралар тахмин қилинган:
-Кўмир: тахминан 3 миллиард тонна тасдиқланган захира.
-Темир рудаси: 14,68 миллиард тонна (шундан 3,6 миллиарди тўлиқ исботланган).
-Никел: 407 885 тонна.
-Боксит (алюминий хомашёси): 99,4 миллион тонна.
-Олмос: Orinoco Mining Arc ҳудудида 1 020 миллион карат, Гуанаимо ҳудудининг ўзида эса 275 миллион карат захира борлиги айтилади.





