
Венесуэлага ҳужумнинг асл мақсади Мадурони қўлга олиш эди — АҚШ ҳукумати
АҚШ президенти маслаҳатчиси Марко Рубио Венесуэлага берилган зарбалар Николас Мадурони қўлга олиш учун ниқоб бўлганини маълум қилди.

АҚШ расмийлари Венесуэлада кузатилган ҳарбий ҳаракатларнинг асл сабабларини очиқлади. Қайд этилишича, амалга оширилган операциянинг асосий мақсади мамлакат раҳбари Николас Мадурони ҳибсга олиш бўлган.
Сенатор Майк Ли Х ижтимоий тармоғида ёзишича, у Марко Рубио билан телефон орқали суҳбатлашган. Суҳбат давомида Рубио Венесуеладаги жанговар ҳаракатлар қамоққа олиш ордерини ижро этаётган АҚШ вакилларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш мақсадида амалга оширилганини билдирган.
Маълум қилинишича, Николас Мадуро АҚШ томонидан жиноий жавобгарликка тортиш учун ҳибсга олинган. У Қўшма Штатларда суд қилиниши кутилмоқда. АҚШ давлат котиби ўринбосари ва Мексикадаги собиқ элчи Кристофер Ландау Мадуро АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олингани ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини тасдиқлаган.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Қўшма Штатлар ҳарбий кучлари Венесуэла ҳудудига зарба берганини очиқ тасдиқлаган эди. Унинг сўзларига кўра, операция давомида Николас Мадуро рафиқаси билан бирга қўлга олинган ва мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилган.
Трамп Венесуэладаги ҳарбий амалиёт олдиндан пухта режалаштирилганини, унга кўплаб ҳарбий бўлинмалар жалб этилганини таъкидлаган. Вашингтон расмийлари ҳозирча Венесуэлага нисбатан қўшимча ҳарбий ҳаракатлар режалаштирилмаганини билдирмоқда, бироқ вазият халқаро майдонда кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.





