
Вилоятларда метан тўлдириш шохобчаларига чеклов вақтлари маълум қилинди
Энг кўп чекловлар водий вилоятларида жойлашган метан «заправка»ларга киритилган.

«Ҳудудгазтаъминот»нинг ҳудудий филиаллари автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилган чеклов вақтларини маълум қилмоқда.
Тошкент шаҳрида 78 та газ қуйиш шохобчаси учун иш вақти тонгги 06:00 дан кечки 23:00 гача этиб белгиланди. Бу чеклов пойтахтдаги транспорт оқими ва мавсумий газ истеъмоли балансига мослаштирилган бўлиб, талаб юқори бўлган соатларда хавфсиз ва барқарор таъминотни таъминлашга қаратилган.
Фарғона вилоятида 173 та АГТКШ учун иш вақти 06:00 дан 18:00 гача қилиб белгилаб қўйилди. Наманган вилоятида ҳам худди шу тартиб қўлланилиб, 134 та шохобча айнан 05:00–17:00 оралиғида ишлайди. Андижон вилоятида 143 та шохобча фаолияти 05:00 дан 17:00 гача белгиланди. Ҳудуддаги газ истеъмолидаги баланд юклама инобатга олиниб, кечки вақтларда босим пасайишига йўл қўймаслик мақсад қилинган.
Шу тартибда Навоий вилоятида 51 та метан «заправка» фаолияти соат 6:00 дан 19:00 гача, Хоразм вилоятида эса 94 та АГТКШ фаолияти соат 5:00 дан 17:00 гача қилиб белгиланди.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги қўшни давлатда техник носозлик туфайли газ импорти қисқаргани ва аҳоли хонадонларига узлуксиз газ етказиб бериш устунлиги сабаб метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов киритилиши ҳақида огоҳлантирган эди.





