
Владимир Путин: «Қримни аннексия қилмадик ва Украинага уруш ҳам очмадик»
Владимир Путин Ҳиндистонга сафари олдидан «India Today» нашрига интервю берар экан, Россия Қримни аннексия қилмагани ва Украинадаги урушни ҳам бошламаганини таъкидлаб, барчасида ғарбни айблади.

Россия президенти Владимир Путин «India Today» нашрига берган интервюсида Москва Қримни аннексия қилмагани, балки «ўз тақдирини Киевдаги давлат тўнтариши орқали келган ҳокимият билан боғламоқчи бўлмаган аҳолига ёрдам бергани»ни билдирди. Унинг таъкидлашича, 2014 йилда «қримликлар ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлган» ва Россия «уларни ҳимоя қилиш учун» ҳаракат қилган.
Путиннинг фикрича, Қримдаги воқеалар халқаро ҳуқуқ бузилиши эмас, балки «Россия ўзиникиларни ҳимоя қилган ҳолат». «Кимдир Россия бошқача йўл тутади деб ўйласа — қаттиқ адашаётган бўлади. Биз ҳар доим ўз манфаатларимизни ва одамларимизнинг жонини ҳимоя қиламиз», — деди у.
2022 йилда бошланган уруш ҳақида гапирар экан, Путин Россия жанговар ҳаракатларни бошламаганини айтиб, Ғарбни айблади. «Бу урушнинг бошланиши эмас, бўлаётган урушни тугатишга уриниш. Урушни Ғарб украин миллатчилари қўли билан бизга қарши бошлаган», — деди у.
Донбассда яшаб келган ва Россияни севган аҳоли нега уруш бошланганидан шокка тушиб қолгани ҳақидаги саволга ҳам Путин «бунга Киев режими айбдор», деб жавоб берди.
«Улар Украинанинг, яъни Донецк ва Луганск областларининг киевликлар ҳукмронлиги остидаги қисмида яшашган бўлса керак ва вазиятдан бехабар бўлишган. Лекин Луганск ва Донцек областларининг уларнинг назорати остида бўлмаган қисми «Киев режими» томонидан қириб ташланаётганди», — деган Путин.
Путин яна бир бор Минск келишувларига тўхталиб, Ғарб раҳбарлари «уларни бажариш нияти бўлмаганини очиқ тан олгани»ни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, келишувлар Украинани қуроллантириш учун вақт ютиш мақсадида имзоланган. Москва эса «саккиз йил давомида вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга ҳаракат қилган».
Интервю Путиннинг Ню Деҳлига сафари арафасида эълон қилинди ва Ҳиндистондаги музокаралар олдидан Россиянинг геосиёсий позициясига доир жиддий баёнот сифатида баҳоланмоқда.

Бу орада Владимир Путин расмий ташриф билан Ҳиндистонга борди. Ню Деҳли аэропортида уни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди шахсан ўзи кутиб олди.





