«WhatsApp» фойдаланувчиларнинг хабарларини ўқийди ва уларни учинчи шахсларга топширади — Дуров
Павел Дуров «WhatsApp»нинг шифрлаш тизими ҳақида кескин баёнот бериб, уни миллиардлаб фойдаланувчиларни чалғитувчи ҳолат сифатида баҳолади.

«Telegram» ва «ВКонтакте» асосчиси Павел Дуров «WhatsApp» мессенжерининг махфийлик сиёсати ва шифрлаш тизими юзасидан танқидий фикр билдирди. У ўзининг Telegram-канали орқали бу тизимни «истеъмолчиларни алдаш бўйича тарихдаги энг йирик ҳолат» деб атади.
«Махфий эшик»
Дуровнинг таъкидлашича, расмий баёнотларга қарамай, «WhatsApp» платформаси фойдаланувчиларнинг шахсий хабарларини ўқийди ва уларни учинчи томонларга тақдим этади. У «Telegram» ҳеч қачон бундай амалиётга йўл қўймагани ва келажакда ҳам бундай қилмаслигини алоҳида урғулади.
У ўз постига скриншот илова қилган бўлиб, унда «Meta» ходимлари, Ирландиянинг «Accenture» консалтинг ва технология компанияси ҳамда бошқа эҳтимолий учинчи томонлар «WhatsApp»нинг манба кодидаги «махфий эшик» орқали фойдаланувчиларнинг хабарларига кириш имконига эга бўлиши мумкинлиги айтилади.
Хабарларга кириш имконияти
Ушбу «махфий эшик» «Meta» ва «WhatsApp» ходимларига ёки ташқи пудратчиларга «шахсий хабарларни кўриш учун шифрни четлаб ўтиш» имконини беради.
Гарчи бу имкониятдан асосан «фирибгарлик ёки қоидабузарлик сифатида белгиланган хабарларни текшириш» учун фойдаланилса-да, «Meta», «WhatsApp» ва «Accenture» ходимлари фойдаланувчиларнинг хабарларига «кенг кўламда кириш имкониятига» эга экани қайд этилган.
Шу билан бирга, фойдаланувчилардан бундай амалиётлар учун алоҳида розилик сўралмаслиги ҳам танқид қилинган.
Суд даъвоси
«Bloomberg» маълумотларига таяниб, «DW» хабар беришича, шу йилнинг январ ойида бир гуруҳ халқаро даъвогарлар «Meta Platforms» компаниясини «WhatsApp» мессенжeрининг махфийлиги ва хавфсизлиги ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айблаб, судга берган.





