Logo

«Wildberries» дрон ҳужумидан олдин компенсация қоидаларини ўзгартирган

18-июл «Wildberries»нинг Россиядаги йирик омборлари дрон ҳужумига учради. Эътиборлиси, бундан бир неча кун олдин компания бундай ҳужумларни форс-мажор деб белгилаб, сотувчиларга компенсация тўлаш қоидаларини ўзгартирган.

«Wildberries» дрон ҳужумидан олдин компенсация қоидаларини ўзгартирган

Украина дронларининг Россиянинг Тамбов ва Москва вилоятларида жойлашган «Wildberries» логистика марказларига уюштирилган ҳужуми оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди, қарийб 50 киши жароҳатланди. Россиянинг «Медуза» нашри маълумотларига кўра, энг оғир оқибат Тамбов вилоятининг Котовск шаҳрида қайд этилган.

Вилоят губернатори Евгений Первишовнинг билдиришича, тунги сменада ишлаётган етти нафар ходим воқеа жойида ҳалок бўлган, яна 24 киши турли даражада жароҳатланган. Ҳужумдан сўнг омбор ҳудудида йирик ёнғин келиб чиққан ва уни бартараф этиш учун қутқарув хизматлари жалб этилган.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв маълумотига кўра, Электросталда ҳам 24 киши жароҳат олган. Айрим жабрланганларнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Компенсациясиз қолган сотувчилар

Ҳужумлар натижасида майдони қарийб 100 минг квадрат метр бўлган икки йирик логистика марказида сақланган катта ҳажмдаги товарлар ҳам ёниб кетди. Бу эса омборларда маҳсулот сақлаётган минглаб сотувчилар учун миллионлаб долларлик эҳтимолий йўқотишларни англатади.

Эътиборлиси, воқеадан атиги бир неча кун аввал, 7-июл куни «Wildberries» сотувчиларга янги офертани юборган эди. Унда дрон ҳужумлари алоҳида форс-мажор ҳолати сифатида қайд қилиниб, компания бундай вазиятларда омборларда ёки ташиш жараёнида йўқолган ва зарар кўрган товарлар учун компенсация тўлаш мажбуриятидан озод қилиниши белгиланган.

Орадан кўп ўтмай, яна бир йирик маркетплейс — «Ozon» ҳам шартномаларини янгилади. 12-июлдан бошлаб компания дрон ҳужумлари оқибатида товарларга етказилган зарар учун молиявий жавобгарликни ўз зиммасидан соқит қилди. Шу тариқа, Россиянинг икки энг йирик маркетплейси ҳарбий хавфларни расман форс-мажор сифатида эътироф этди.

Ҳозир ижтимоий тармоқлар ва сотувчилар чатларида вазият кескин муҳокама қилинмоқда. Кўплаб тадбиркорлар «Wildberries» омборларида сақланган маҳсулотлари билан бирга кўп йиллик инвестицияси ва айланма маблағларидан ҳам айрилганини билдирмоқда.

«Wildberries» бош директори Татяна Ким ҳодиса ҳақида баёнот бериб, «компания ва Россия учун даҳшатли тун» деб атади. У ҳалок бўлганлар оилалари ва жабрланганларга моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, вайрон бўлган омборларда сақланган товарлар бўйича масала алоҳида кўриб чиқилаётганини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид