
Wildberries Ўзбекистонда ўзининг WB Taxi хизматини йўлга қўяди
Компания такси хизматини аввал ички «ёпиқ клуб» форматида ишга тушириб, ҳодимлари ва ҳамкорлари томонидан синовдан ўтказилади.

Wildberries Ўзбекистонда ўзининг WB Taxi хизматини босқичма-босқич ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда. Компаниянинг таъкидлашича, дастлаб «ёпиқ клуб» форматида амалга оширилади. Бу ечим хизматнинг техник элементларини синовдан ўтказиш, фойдаланиш жараёнини назорат қилиш ва дастлабки тажрибалар асосида тизимни такомиллаштириш имконини беради.
Илк фойдаланувчилар сифатида маркетплейс ходимлари ва ҳамкорлари танланади. Улар хизматнинг ишлаш тезлиги, тарифлар қулайлиги ва агрегатор платформасининг барқарорлигини амалда баҳолайди. Компания ҳар бир сафари учун 50 фоиз миқдорида «тарвуз» — Wildberries’нинг виртуал валютасида кэшбек тақдим этилишини маълум қилди. Бу имтиёз нақд пулсиз тўлов қилган барча йўловчиларга тааллуқли бўлади.
Компания WB Taxi хизмати орқали ҳайдовчилар учун ҳам рақобатбардош шароитлар яратишни кўзламоқда. Уларга паст комиссия, хизмат сифат стандартларига риоя қилинган тақдирда эса смена бўйича кафолатланган даромад таклиф этилади. Бу, агрегатор таъкидлашича, транспорт хизматлари бозорида барқарор ишлаш имконини оширади.
WB Taxi раҳбари Анатолий Сморгонскийнинг айтишича, синов форматидаги ишга тушириш хизматни ривожлантиришга стратегик ёндашиш имконини беради. Компания тизимнинг ҳар бир элементини синчковлик билан кузатиб, фойдаланувчилар фикрларидан келиб чиқиб моделни такомиллаштириб боради. Синов жараёни хизматни оммавий ишга тушириш олдидан асосий техник ва операцион муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
Келгуси босқичларда WB Taxi хизмат кўрсатиш ҳудудини кенгайтиради ва бозорга босқичма-босқич тўлиқ форматда чиқади.





