«X» обунаси йўқ аккаунтлар учун лимитлар жорий қилди

Premium обунаси бўлмаган фойдаланувчилар учун «X»да пост, хабар ва обуналар сонига янги кунлик чекловлар ўрнатилди.

«X» обунаси йўқ аккаунтлар учун лимитлар жорий қилди © Reuters

«X» ижтимоий тармоғи «Premium» обунаси йўқ аккаунтлар учун янги чекловларни ишга туширди. Энди бепул фойдаланувчилар кунига кўпи билан 50 та пост жойлаштириши мумкин. Шунингдек, шахсий хабарлар сони 500 та, жавоблар 200 та ва янги обуналар 400 та билан чекланди.

Компания ярим соат ичида жойлаштириш мумкин бўлган пост ва жавоблар учун ҳам қўшимча лимитлар жорий этган. Бироқ бу чекловларнинг аниқ параметрлари ҳозирча ошкор қилинмаган.

Аввалги лимит

Маълум қилинишича, аввал барча аккаунтлар учун кунлик пост лимити 2400 та этиб белгиланган эди. Янги ўзгаришлар тахминан 16 май куни кучга кирган. Шу даврда кўплаб фойдаланувчилар пост эълон қилишда хатолар пайдо бўлаётганидан оммавий равишда шикоят қила бошлаган.

Компания расмий изоҳида мазкур қарор инфратузилма барқарорлигини таъминлаш ва техник носозликлар сонини қисқартириш мақсадида қабул қилинганини билдирди. Шунингдек, юқори юкланиш вақтида лимитлар вақтинча янада пасайтирилиши мумкинлиги айтилди.

Янги чекловлар барча қурилмалар, мобил иловалар ва API орқали уланган учинчи томон дастурларига ҳам татбиқ этилади. Бу эса платформадан фаол фойдаланувчилар учун имкониятларни сезиларли даражада қисқартириши мумкин.

Аввалроқ Илон Маскка тегишли «X» ижтимоий тармоғи расман алоҳида «Xchat» мессенжерини чиқарган эди. Ҳозир илова фақат iOS тизими фойдаланувчилари учун мавжуд бўлиб, у платформадаги мавжуд контактлар билан хабар алмашиш имконини беради.

Ёпиқ бета-тестлардан сўнг тақдим этилган иловада шахсий ва гуруҳ чатлари, аудио ва видеоқўнғироқлар ҳамда файл алмашиш функциялари мавжуд.

Теглар

Мавзуга оид