«Халқ банки» «Forbes» рейтингига кирди: Ўзбекистондаги банк қандай баҳоланди?
Нашр дунё банкларини тўрт асосий йўналиш бўйича таққослаган.

«Халқ банки» «Forbes»нинг 2026 йилги дунёдаги энг самарали банклар рейтингига кирди. У банклар орасида активлари ҳажми бўйича кичик тоифага ажратилган.
«Forbes» ва «Statista» ҳамкорлигида тайёрланган янги рейтинг 89 давлатдаги 500 та банкни қамраб олган.
Банклар мижозлар сўрови асосида эмас, асосан молиявий кўрсаткичлар, очиқ маълумотлар ва банкларнинг тақдим этган ҳисоботлари асосида баҳоланган.
Рейтингга кириш учун банклар камида 3 миллиард доллар активга эга бўлиши, аудиторликдан ўтган молиявий ҳисоботларни эълон қилиши ва камида уч йиллик молиявий маълумотларни тақдим этиши талаб қилинган.
«Халқ банки» рейтингда 3–10 миллиард доллар активга эга молия институтларини бирлаштирган 6-тоифа — «кичик банклар» сегментидан жой олган. Ушбу тоифада банкка 142-ўрин берилган.
Банклар қандай баҳоланди
«Forbes» рейтингда банкларни тўрт асосий йўналиш бўйича таққослаган. Рентабеллик якуний баҳонинг 30 фоизини, ўсиш ва даромад сифати 20 фоизини, капитал ва молиялаштириш барқарорлиги ҳамда активлар сифати ва самарадорлик ҳар бири 25 фоиздан улушни ташкил этган.
Рентабелликни баҳолашда активлар даромадлилиги, харажатлар ва даромадлар нисбати ҳамда соф фоиз маржаси каби кўрсаткичлар ҳисобга олинган.
Ўсиш индекси эса даромадлар барқарорлиги ва мижозлар депозитлари ўсиши каби мезонларга асосланган.
Банклар активлар ҳажми бўйича олтита тоифага ажратилган. 3–10 миллиард долларлик активга эга банклар 6-тоифага киритилган. Шу орқали турли ҳажмдаги банкларни тўғридан-тўғри эмас, ўз сегментида таққослаш имкони яратилган.
«Халқ банки» ҳақида
«Халқ банки»нинг бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган. «Forbes» маълумотларида банк 1875 йилда ташкил этилгани ва бош ижрочи директори Шухрат Халдарович Атабаев экани кўрсатилган.
Янги рейтинг «Forbes»нинг аввалги банк рейтингларидан фарқ қилади. Нашрга кўра, мазкур тадқиқотда асосий эътибор объектив молиявий кўрсаткичларга қаратилган. Жами 500 та банкнинг танланиши эса рейтингни банк сектори самарадорлигининг глобал кесими сифатида кўрсатади.
«Forbes» таъкидлашича, рейтингда иштирок этиш ёки унга кириш учун компаниялар ҳақ тўламайди.
Бу «Халқ банки»нинг рейтингдаги ўрни молиявий баҳолаш мезонлари натижаси эканини англатади.





