
«Халқ кўниксин»: Қримда мобил интернет уруш якунига қадар тўлиқ чекланди
Қримдаги Россия томонидан тайинланган ҳокимият мобил интернетни уруш тугагунча ўчиришини эълон қилди ва аҳолини бу ҳолатга кўникишга чақирди.

Қримда Россия томонидан тайинланган раҳбар Сергей Аксёнов мобил интернет чекловлари уруш якунлангунча амал қилишини маълум қилди. Унинг айтишича, мазкур қарор хавфсизлик нуқтайи назаридан қабул қилинган ва бошқа муқобил йўл бўлмаган. Аксёнов аҳолини вазиятни борича қабул қилишга ва «бошқача иш режими»га ўтишга чақирди.
Унинг таъкидлашича, интернет ҳам ижобий, ҳам салбий мақсадларда қўлланилиши мумкин. Аммо айнан қандай хавфлар олди олинаётгани батафсил тушунтирилмади. Аввалроқ Қримдаги мобил операторлар WhatsApp ва Telegram мессенжерлари иши чекланганини маълум қилган эди. Бу қарор федерал тузилмалар билан келишилган ҳолда қабул қилингани айтилди.
Қрим мобил интернет де-факто уруш охиригача ўчириб қўйилган Россия ҳудудларидан иккинчисига айланди. Бундан аввал Уляновск областида ҳам шунга ўхшаш қарор қабул қилинган эди. У ерда бу ҳолат стратегик объектлар атрофида «хавфсизлик ҳудуди» кенгайтирилгани билан изоҳланган.
Россия президенти Владимир Путин ҳам мобил интернетни ўчириш хавфсизлик чораси эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, хорижий интернет сервислари дронлар орқали зарбаларни мувофиқлаштиришда ёрдам бермоқда. Бироқ бу механизм қандай ишлашига аниқ изоҳ берилмаган.
Жорий йил баҳоридан бери Россиянинг турли ҳудудларида мобил интернет мунтазам равишда ўчириб қўйилмоқда ёки секинлаштирилмоқда. Бу ҳолат банк хизматлари, такси, онлайн тўловлар, масофавий иш ва таълим жараёнларида жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда. Айрим «рухсат этилган» сайтлар рўйхати тузилганига қарамай, чекловлар аҳолининг кундалик ҳаётига кучли таъсир кўрсатмоқда.





