add

Халқаро брендларга тегишли қаҳва учун импорт божи бекор қилинади

Ўзбекистонда халқаро брендларга тегишли қаҳва импорти учун божхона божи 0 фоизга туширилди, маиший товарлар учун эса ставкалар пасайтирилди.

Халқаро брендларга тегишли қаҳва учун импорт божи бекор қилинади

Ўзбекистонда халқаро брендларга тегишли қаҳва маҳсулотлари учун импорт божхона божи тўлиқ бекор қилинди. Шу билан бирга, айрим маиший товарларнинг бож ставкалари сезиларли даражада пасайтирилди. Ҳужжат Lex.uz порталида эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ, паст божхона ставкалари қўлланиладиган бренд маҳсулотлари рўйхати кенгайтирилди. Асосий мақсад — халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига қизиқишини ошириш, шунингдек, чакана савдо соҳасида етакчи жаҳон компанияларини мамлакатга жалб этишдан иборат.

Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу чоралар харид-туризмни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Яъни, Ўзбекистонга бренд маҳсулотларини сотиб олиш мақсадида келувчи сайёҳлар оқими ортиши кутилмоқда.

Пасайтирилган божхона божлари фақат бренд эгаси ёки унинг ваколатли етказиб берувчилари — дистрибютор, дилер, савдо вакили ёки лицензият билан тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида олиб кирилган товарларга нисбатан қўлланилади.

Янги рўйхатга мувофиқ, 0901 ТИФ ТН коди бўйича қаҳва ва қаҳва ўрнини босувчи маҳсулотлар учун бож ставкаси 0 фоиз этиб белгиланди. Шунингдек, кўрпа ва саёҳат пледлари, пардалар учун божхона божи 5 фоизгача туширилди.

Идиш-товоқ, фарфор ва керамика буюмлари, гиламлар, маиший шамлар, шиша ва металлдан тайёрланган ошхона анжомлари каби кенг истеъмол товарлари учун эса 10 фоизлик бож ставкаси жорий этилди. Бу ўзгаришлар ички бозорда рақобатни кучайтириш ва истеъмолчилар учун сифатли бренд маҳсулотларини янада оммалаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид