«Халқлар дўстлиги саройи»даги реклама баннерлари олиб ташланди

Тошкентдаги маданий мерос объекти ҳисобланган «Халқлар дўстлиги саройи» ҳудудида рухсатсиз ўрнатилган барча реклама баннерлари текширувдан сўнг олиб ташланди.

«Халқлар дўстлиги саройи»даги реклама баннерлари олиб ташланди © Madaniy meros agentligi

2026 йил 14 апрел куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчасида жойлашган «Халқлар дўстлиги саройи» объектда мониторинг ишлари ўтказилган. Унда Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаси мутахассислари иштирок этган.

Текширув давомида бинода ўрнатилган реклама баннерлари ҳеч қандай рухсатсиз, ўзбошимчалик билан жойлаштирилгани аниқланган. Бу ҳолат амалдаги қонунчилик талабларига зид экани қайд этилди.

Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, моддий маданий мерос объектларида ташқи реклама жойлаштириш тақиқланган. Шу боис аниқланган қонунбузарликлар зудлик билан бартараф этилди.

Маъмурий жавобгарлик

Агентлик маълум қилишича, ноқонуний баннерлар дарҳол олиб ташланган ва масъул шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича огоҳлантириш берилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-1-моддасида ҳам Моддий маданий мерос обектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бироқ агентлик ушбу баннерлар аввал нега узоқ вақт давомида ўрнатилган ҳолда қолганига изоҳ бермаган.

Теглар

Мавзуга оид

«Халқлар дўстлиги саройи»даги реклама баннерлари олиб ташланди | Vaqt.uz