add

Хавфсиз бўлмаган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар реестри шакллантирилади

03.12.2025 | 09:502182 дақиқа

Ушбу тизим 2026 йил 1 мартдан икки ахборот тизимининг ўзаро интеграцияси асосида ишга туширилади.

Хавфсиз бўлмаган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар реестри шакллантирилади

2026 йилдан қурилиш материаллари хавфсизлигини назорат қилиш кучайтирилиб, талабларга жавоб бермайдиган корхоналар ягона электрон реестр орқали давлат харидларидан четлатилади.

Ўзбекистонда хавфсизлик стандартларига жавоб бермайдиган қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналар бўйича электрон реестр шакллантирилади. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, ушбу тизим 2026 йил 1 мартдан “Техник тартибга солиш” ва “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимларининг ўзаро интеграцияси асосида ишга туширилади.

Янги тартибга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси объектларида ўтказиладиган текширувлар натижалари мазкур реестрга автоматик тарзда интеграция қилинади. Шу орқали хавфсизлик талабларига номuvofiқ маҳсулот ишлаб чиқарган корхоналар аниқланиб, уларнинг фаолияти ҳақида очиқ маълумот тақдим этилади.

Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, реестрга киритилган ва маҳсулоти хавфсиз эмас деб топилган корхоналар давлат харидларида қатнашиши тақиқланади. Бу тартиб бозорда сифатсиз материаллар айланишига чек қўйиш ва қурилишда хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

Қурилиш материаллари соҳасида билим ва инновацияни рағбатлантириш мақсадида, 2026 йил 1 январдан ёш олимлар учун махсус тартибда хорижий илмий стажировка танлови эълон қилинади. Бу дастур соҳада амалий тадқиқотлар ва замонавий технологияларни ўзлаштиришни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Шунингдек, 2026–2028 йиллар давомида илмий лойиҳалар учун 30 миллиард сўмлик молиялаштириш ажратилади. Мазкур маблағ соҳадаги илмий салоҳиятни ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилиши белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид

Хавфсиз бўлмаган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар реестри шакллантирилади | Vaqt.uz