add

«ХCМ» пирамидаси ва унда ИИО ходимларининг иштироки юзасидан текширув бошланди

Ички ишлар вазирлиги «X Connection Media» (ХCМ) номли эҳтимолий молиявий пирамида фаолияти юзасидан суриштирув бошлади ва айрим ИИО ходимларининг ушбу платформани тарғиб қилишда иштирок этгани бўйича хизмат текшируви тайинланганлигини маълум қилди.

«ХCМ» пирамидаси ва унда ИИО ходимларининг иштироки юзасидан текширув бошланди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган «ХCМ» номи билан боғлиқ молиявий пирамида ҳақидаги маълумотлар юзасидан текширув ҳаракатларини бошлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов расмий баёнот берди.

Баёнотда таъкидланишича, мазкур платформа орқали пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни жалб этишга оид ноқонуний фаолият амалга оширилганлиги ҳақида маълумотлар келиб тушган. Шу боис вазирлик ўрнатилган тартибда суриштирув ишларини бошлаган.

Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимларининг «ХCМ» платформасини тарғиб қилишда ёки иштирок этишдаги эҳтимолий ҳолатлари бўйича ҳам хизмат текшируви тайинланган. Текширув натижалари бўйича қонуний чоралар кўрилиши маълум қилинган.

«Ўзбекистонда тобора оммалашиб бораётган X Connection Media номи остидаги молиявий пирамидага ҳар куни қарийб 3 минг нафар фуқаро аъзо бўлаётгани аниқланди. Улар ХCМга қўшилиш учун камида 460 доллар тўламоқда. Бирламчи маълумотларга кўра, ушбу молиявий пирамида аъзолари орасида 200 нафарга яқин ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бор», деб ёзмоқда Kun.uz.

Маълумот учун, «X Connection Media» (ХCМ) — сўнгги ойларда Ўзбекистонда тез оммалашган молиявий пирамида бўлиб, у фойдаланувчилардан «видео кўриш ва лайк босиш орқали даромад олиш»ни ваъда қилади. Тизимга қўшилиш учун камида 460 доллар миқдорида депозит тўлови талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz «Молиявий саводхонлик» рукни доирасида молиявий пирамидалар ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид

«ХCМ» пирамидаси ва унда ИИО ходимларининг иштироки юзасидан текширув бошланди | Vaqt.uz