
Хитой автобусларини масофадан бошқариш имконияти борлиги фош бўлди
Норвегиядаги текширув Хитойда ишлаб чиқарилган электробусларини ишлаб чиқарувчи компания масофадан ўчириши ёки бошқариши мумкинлигини кўрсатди.

Норвегия пойтахти Ослода ўтказилган махсус текширувда Хитойнинг Yutong ширкати ишлаб чиқарган электр автобуслари ишлаб чиқарувчи томонидан масофадан назорат қилиниши мумкинлиги аниқланди. Нидерландияда ишлаб чиқарилган автобус билан таққослама синовда фақат Хитой моделида ушбу функция мавжуд экани маълум бўлди, деб ёзмоқда Anadolu агентлиги.
Ослодаги жамоат транспорти учун масъул Ruter компанияси ёз ойларида икки автобусни махфий тестдан ўтказган — бири Нидерландия, иккинчиси эса Хитойнинг Yutong брендига тегишли бўлган. Текширув натижасида Нидерландияда ишлаб чиқарилган автобус ишлаб чиқарувчи томонидан масофадан бошқарилмагани аниқланди, Yutong модели эса нафақат ўчирилиши, балки дастурий таъминоти ҳам узоқдан янгиланиши мумкинлиги маълум бўлди.
Мутахассислар бу тизим ёвуз ниятларда қўлланилса, транспорт воситаларининг бутун электрон инфратузилмасини ишдан чиқариш эҳтимоли борлигини таъкидлади. Бу эса Европа мамлакатларида рақамли хавфсизлик ва ташқи технологияларга боғлиқлик масаласини яна кун тартибига қайтарди.
Норвегиядаги топилмалардан сўнг диққат Данияга қаратилди. Мамлакатда ҳозирда 262 та Yutong брендидаги электробус фаолият кўрсатмоқда. Даниянинг йирик транспорт оператори Movia раҳбари Йеппе Гаард бу ҳолат бўйича махсус текширув бошланганини билдирди.
Европа расмийлари бу каби технологиялар орқали ташқи таъсир эҳтимоли юзага келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Киберхавфсизлик мутахассислари эса келгусида транспорт инфратузилмаларида миллий программалар ва серверлардан фойдаланиш зарурлигини таъкидламоқда.
Аввалроқ Хитойдан Тошкентга 202 та Yutong электробуслари олиб келингани ҳақида хабар берган эдик.





