add

Хитой денгиз остида улкан олтин кони топди

Бугун 11:157152 дақиқа

Хитойнинг шарқий соҳилларида аниқланган денгиз ости олтин кони мамлакатнинг стратегик ресурс хавфсизлиги ва глобал олтин бозоридаги мавқеини сезиларли мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Хитой денгиз остида улкан олтин кони топди

Хитой шарқий соҳиллари яқинида Осиёдаги энг йирик денгиз ости олтин конларидан бири аниқланганини расман эълон қилди. «South China Morning Post» нашри манбаларига кўра, мазкур кон Шандонг провинцияси ҳудудида, Жиаодонг яриморолининг денгиз қисмида жойлашган. У илк бор Хитой тарихида аниқланган денгиз ости олтин кони сифатида қайд этилмоқда.

Коннинг аниқ ҳажми очиқланмаган бўлса-да, расмий маълумотларда уни Осиёдаги энг йирик денгиз ости олтин захираси сифатида баҳолаш мумкинлиги таъкидланмоқда. Янги топилма Шанонг провинциясининг умумий олтин захираларини 3900 тоннадан оширган. Бу эса Хитойнинг маълум олтин захираларининг тахминан 26 фоизига тўғри келади.

Шу орқали Шандонг нафақат Хитойда, балки бутун Осиёдаги энг муҳим олтин марказларидан бирига айланди. Мутахассислар фикрича, бу кашфиёт мамлакатнинг узоқ муддатли қимматбаҳо металлар стратегиясида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда Хитой минерал қидирув ишларига катта молиявий ресурслар йўналтирмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2021 йилдан буён қидирув ва разведка ишларига тахминан 450 млрд юан сарфланган. Ушбу сиёсат орқали табиий ресурслар базасини кенгайтириш ва импортга бўлган қарамликни қисқартириш мақсад қилинган.

Денгиз остидаги янги олтин кони сўнгги йилларда аниқланган йирик топилмалар занжирининг давоми сифатида баҳоланмоқда. Илгарироқ Хитойнинг шимоли-шарқида 1400 тоннадан ортиқ олтин захирасига эга қуруқлик кони топилган эди. У 1949 йилдан бери мамлакатда аниқланган энг йирик ягона олтин топилмаси сифатида тарихга кирган.

Мутахассислар денгиз ости конларини иқтисодий жиҳатдан ўзлаштириш даражаси ҳали аниқ эмаслигини таъкидламоқда. Бироқ олтинга бўлган глобал талаб ва нархлар ошиб бораётган шароитда ушбу кашфиёт Хитойнинг иқтисодий салоҳияти ва стратегик ресурс хавфсизлиги учун муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланмоқда. Хитой ҳукумати эса ушбу топилмани мамлакат минерал сиёсатининг «муҳим босқичи» деб атамоқда.

Аввалроқ Саудия Арабистонида Maaden компанияси Маккадан шимоли-шарқ томонда мамлакат тарихидаги энг катта олтин конларидан бирини кашф этганини ҳақида хабар берган

Теглар

Мавзуга оид