Хитой иқтисодиёти ислоҳотларга муҳтож — Reuters

Хитой иқтисодиётида ўсиш суръатлари пасаймоқда, анъанавий рағбатлантириш чоралари эса самарадорлигини йўқота бошлаган.

Хитой иқтисодиёти ислоҳотларга муҳтож — Reuters

Хитой иқтисодиёти 2025 йил ноябр ойида сезиларли заифлашишни намоён қилди. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, саноат ишлаб чиқариши ўсиши сўнгги 15 ойдаги энг паст даражага тушди, чакана савдо ҳажми эса 2022 йил охиридан бери энг ёмон натижани қайд этди.

Саноат ишлаб чиқариши йиллик ҳисобда 4,8 фоизга ўсди. Бу октябрдаги 4,9 фоизлик кўрсаткичдан паст ва таҳлилчилар кутган натижалардан ҳам заиф бўлди. Чакана савдо ўсиши эса кескин секинлашиб, бор-йўғи 1,3 фоизни ташкил қилди. Бир ой аввал бу кўрсаткич 2,9 фоиз эди.

Иқтисодчилар ушбу пасайишни бир неча омиллар билан боғламоқда. Аввало, истеъмолчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган субсидия дастурларининг таъсири сўна бошлади. Шу билан бирга, кўчмас мулк бозоридаги узоқ давом этаётган инқироз ва аҳоли даромадларининг суст ўсиши ички талабни чекламоқда.

Ички истеъмол заифлашиб бораётган шароитда расмий Пекин экспортга таянишни кучайтирмоқда. Бироқ бу стратегия ҳам барқарор эмас. Хитойнинг рекорд даражадаги ташқи савдо профицитига жавобан қатор давлатлар протекционистик чораларни кучайтирмоқда. Хусусан, Франция ва Мексика Хитой маҳсулотларига нисбатан янги тарифлар жорий этиш эҳтимолини очиқ билдирган.

Қўшимча босим манбаи сифатида кўчмас мулк секторидаги чуқур инқироз қолмоқда. Январ–ноябр ойларида соҳага инвестициялар қарийб 16 фоизга қисқарди, янги уй-жой нархлари эса пасайишда давом этди. Йирик девелоперлар, жумладан China Vanke, қарз мажбуриятлари бўйича дефолтдан қочишга уринаётгани қайд этилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, соҳани барқарорлаштириш Хитой иқтисодиёти учун ЯИМнинг тахминан 5 фоизига тенг харажат талаб қилиши мумкин.

Мутахассислар фикрича, анъанавий иқтисодий рағбатлантириш чоралари энди етарли эмас. Ички истеъмолни тиклаш, аҳоли ишончини ошириш ва инвестиция ҳамда экспортга юқори қарамликни камайтиришга қаратилган чуқур структур ислоҳотлар зарур.

Расмийлар 5 фоиз атрофида ўсишни сақлаб қолиш ниятида эканини билдирган бўлса-да, таҳлилчилар 2026 йилда иқтисодий заифлик сақланиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид