
Хитой иқтисодиётида янги «пуфак» пайдо бўлмоқда — The New York Times
Хитой робототехника соҳасига катта ставка қўймоқда, аммо ҳукумат ва экспертлар тармоқда ортиқча қизиш ва янги иқтисодий пуфак хавфи борлигидан огоҳлантиряпти.

Хитой иқтисодиётида янги ўсиш драйвери сифатида робототехника илгари сурилмоқда. Телевидениеда рақсга тушаётган, марафонларда иштирок этаётган ва ҳатто бокс жангларида чиқиш қилаётган ҳуманоид роботлар технология соҳасидаги илдам тараққиёт рамзига айланди. Бироқ, The New York Times’га кўра, бу ёрқин намойишлар ортида соҳанинг ҳақиқий иқтисодий салоҳиятига нисбатан жиддий саволлар пайдо бўлмоқда.
Хитой ҳукуматининг маълумотларига кўра, робототехника бозорида 150 дан ортиқ компания бир вақтнинг ўзида рақобатлашмоқда. Бу эса ўхшаш технологиялар ортиқча ишлаб чиқарилиши ва инвестициялар самарадорлигининг пасайишига олиб келиши мумкин. Расмийлар тармоқда янги «пуфак» шаклланиш эҳтимолидан очиқча огоҳлантирмоқда.
Айни пайтда Хитой саноат роботларини жорий этиш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Мамлакат заводларида қўлланилаётган роботлар сони қолган барча давлатлардагидан кўп. Улар пайвандлаш, логистика, йиғиш ишлари ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида — меҳмонхоналар, аэропортлар ва омборларда кенг қўлланилмоқда.
Бироқ эътибор марказида энди янги мақсад — ҳуманоид роботлар турибди. Сўнгги бир йил ичида ушбу соҳадаги стартапларга 5 млрд доллардан ортиқ инвестиция киритилди. Бу аввалги беш йилда жалб қилинган маблағлар ҳажмига тенг. Хитойнинг устун жиҳати — кучли ишлаб чиқариш базаси ва давлат томонидан берилаётган катта молиявий қўллаб-қувватлашдир. Пекин ва Шанхайдаги махсус фондлар бу соҳани фаол рағбатлантирмоқда.
Шу билан бирга, мутахассислар ҳуманоид роботлар ҳали ҳам мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолатларда инсонни тўлиқ алмаштира олмаслигини таъкидламоқда. Кўплаб ишланмалар аниқ ва барқарор тижорий қўлланиш сценарийларига эга эмас.
Компаниялар бу муаммони сунъий интеллект ривожи ҳал қилишига умид қилмоқда. Аммо экспертлар фикрича, намойишбоп прототиплардан ҳақиқий иқтисодий самарага ўтиш инвесторлар кутганидан анча узоқ ва мураккаб жараён бўлиши мумкин.





