add

Хитой «Катта энергетик девор» қурилишини бошлади

Бугун 10:262 дақиқа

Хитой шимолидаги Кубуци чўлида дунёдаги энг йирик қуёш лойиҳаларидан бири — 100 GW қувватли «Катта энергетик девор» қурилиши бошланди.

Хитой «Катта энергетик девор» қурилишини бошлади

Хитой дунё энергетика тарихида янги саҳифа очмоқда. Мамлакат ҳукумати Кубуци чўлида «Катта энергетик девор» деб номланган улкан қуёш энергетика мажмуасини қуришнинг фаол босқичига ўтди. Лойиҳа доирасида 8 миллиондан ортиқ қуёш панеллари ўрнатилади ва у 100 GW қувватга эга бўлиши режалаштирилган, деб ёзмоқда «Energies media» нашри.

Бу ташаббус Хитойнинг қайта тикланувчи энергия бўйича мутлақ устунликка эришиш стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, 1983 йилда мамлакатдаги илк қуёш станцияси бор-йўғи 10 kW қувватга эга эди. Бугун эса Хитой глобал миқёсда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.

«Global Energy Monitor» маълумотларига кўра, 2024 йилда Хитой 278 GW янги қуёш қувватларини ишга туширган. 2025 йилнинг дастлабки беш ойида эса қарийб 200 GW қўшимча қувват фойдаланишга топширилди. Натижада, 2025 йил ўрталарига келиб мамлакатдаги умумий қуёш энергетикаси қуввати 1 TW (тераватт)дан ошди.

Чўллашишни тўхтатувчи лойиҳа

Янги «энергетик девор» Кубуци чўлида жойлашади. Лойиҳа узунлиги тахминан 133 км, эни эса 25 кмгача бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, ишлаб чиқариладиган электр энергияси нафақат маҳаллий эҳтиёжни, балки Пекин–Тианжин–Ҳэбэй агломерациясини ҳам тўлиқ таъминлаш имконини беради. Бунинг учун янги электр узатиш линияси ҳам қурилади.

Лойиҳа фақат энергия ишлаб чиқариш билан чекланмайди. Қуёш панеллари сув парланиши ва қум кўчишини ҳам секинлаштириб, 27 млн гектар ерда намлик сақланишига хизмат қилади. Айрим ҳудудларда панеллар остида 2400 гектар қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш режалаштирилган.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари маълум қилишича, 2030 йилгача лойиҳа 50 мингга яқин янги иш ўринлари яратади ва ҳозиргача қум босимида қолган ҳудудни йирик энергетик марказга айлантиради.

Теглар

Мавзуга оид