
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли муддатидан олдин топширилиши мумкин
Лойиҳа муддати олти йилдан тўрт йилгача қисқариши кутилмоқда. Транспорт вазири айтишича, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темирйўли Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи энг қисқа минтақавий йўналишни яратади.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши режага нисбатан тезроқ амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Ҳикматулла Раҳматов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, бу лойиҳа компания учун биринчи йирик хорижий инвестицион дастур ҳисобланиб, қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик туфайли самарали ривожланмоқда.
Раҳматовга кўра, дастлаб, қурилиш ишлар олти йил давом этиши тахмин қилинган бўлса-да, ҳозирги тезлик объектни тўрт йил ичида якунлаш имконини тақдим этмоқда. Унинг айтишича, бу ўзгариш минтақадаги транспорт логистикаси учун катта ўзгаришларга сабаб бўлади.
Лойиҳанинг ишга туширилиши Хитой ва Европа ўртасидаги йўлни, шунингдек, Марказий Осиё ҳамда Кавказ давлатларигача бўлган масофани мавжуд йўналишларга нисбатан 1000 километрдан ортиққа қисқартириши кутилмоқда.





