Хизмат итлари орқали фаластинликларнинг номусига тегилган: БМТ Исроилни жинсий зўравонлар рўйхатига киритди

Бугун 17:302 дақиқа

Жиддий айбловлар фонида яҳудий давлати халқаро ташкилот бош котиби билан алоқаларини узди.

Хизмат итлари орқали фаластинликларнинг номусига тегилган: БМТ Исроилни жинсий зўравонлар рўйхатига киритди

Исроил БМТ бош котиби Антониу Гутерриш офиси билан ҳамкорликни музлатиб қўйди. Бунга яҳудий давлатининг қуролли можаролар шароитида жинсий зўравонликка йўл қўйган қоидабузарлар рўйхатига киритилгани сабаб бўлди. Бу ҳақда Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Дани Данон маълум қилди.

Данонга кўра, мазкур қарор мамлакат учун қабул қилиб бўлмайдиган сиёсий қадам ҳисобланади. У БМТ раҳбариятини воқеликни нотўғри баҳолашда айблади.

Баҳс БМТ ҳисоботи атрофида авж олди

«Ynet» нашрининг маълум қилишича, баҳс БМТнинг қуролли можаролардаги жинсий зўравонликлар бўйича тайёрланган йиллик ҳисоботи ҳақида бормоқда. Ҳужжат ҳозирча расман эълон қилинмаган.

Дани Данон Исроилнинг ҲАМАС билан бир қаторда тилга олинишини қаттиқ танқид қилди. Унинг таъкидлашича, бундай қарор БМТ раҳбариятининг Исроил билан ҳамкорлик қилиш бўйича «маънавий ҳуқуқи»ни шубҳа остига қўяди.

Исроил дипломати мамлакат Антониу Гутерриш билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, Тел-Авив БМТнинг янги бош котиби сайланишини кутишни маъқул кўрмоқда.

Антониу Гутерришнинг амалдаги ваколат муддати жорий йил охирида якунланиши кутилмоқда.

Халқаро танқидлар кучаймоқда

Мавзу халқаро оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.

Аввалроқ «The New York Times» нашрида Исроил томонига қарши фаластинлик маҳбусларга нисбатан жинсий зўравонлик қўллангани ҳақидаги айбловлар эълон қилинган эди.

Унда қамоқхона ходимлари, ҳарбийлар кўчманчилар ва терговчилар томонидан, баъзан эса хизмат итларидан фойдаланилган ҳолда номусга тегиш ҳолатлари содир этилаётгани ҳақида маълумотлар келтирилган.

Теглар

Мавзуга оид