
Хизмат кўрсатиш корхоналарига 9 ойда 25,7 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари берилди
2025 йил январ–сентябр ойларида хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан 30 трлн сўмдан зиёд солиқ тўланди.

2025 йил январ–сентябр ойларида хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи 161 351 та юридик шахс томонидан 30,1 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу даврда корхоналарнинг товар айланмаси 324 трлн 884,8 млрд сўмни ташкил этган. Шунингдек, уларга 9 ой мобайнида жами 25 трлн 663,5 млрд сўмлик солиқ имтиёзлари берилган.
Шундан, 5,3 трлн сўмдан кўпроғи, яъни 17,8 фоизи 20 та йирик корхона ҳисобига тўғри келди. Ушбу корхоналарнинг жами товар айланмаси 65,2 трлн сўмни, фойдаланган солиқ имтиёзлари миқдори эса 5,7 трлн сўмни ташкил этган.
Жумладан, январ–сентябр ойларида энг кўп солиқни «Asia Trans Gas» компанияси (1,5 трлн сўм) тўлаган. Кейинги ўринларда эса мос равишда «O‘zbektelekom» (848,1 млрд сўм), «Uzbekistan airways» (633,1 млрд сўм) ва «O‘zbekiston temir yo‘llari» (491,8 млрд сўм) компаниялари турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фаолият юритаётган қурилиш корхоналарига 9 ойда қарийб 2,7 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари берилгани ҳақида хабар бергандик.





