add

Ходимлари энг кўп солиқ қарзига эга ташкилотлар номи маълум қилинди

Бугун 10:332 дақиқа

Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги ташкилотлар ходимларининг ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлиги ярим триллион сўмга яқинлашган.

Ходимлари энг кўп солиқ қарзига эга ташкилотлар номи маълум қилинди

2026 йил 1 январь ҳолатига республика бўйича 124 мингдан ортиқ ташкилотда ишловчи 457 мингдан зиёд ходимнинг ер ва мол-мулк солиғи бўйича жами 462,5 млрд сўм қарздорлиги мавжуд. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, қарздорлик 520 мингдан ортиқ солиқ объекти ҳисобига тўғри келган. Жами қарздорликнинг 295,7 млрд сўми ер солиғи, 166,8 млрд сўми эса мол-мулк солиғи ҳиссасига тўғри келади.

Секторлар кесимида энг катта улуш тижорат ташкилотлари ходимларига тўғри келиб, уларнинг жами қарзи 346 млрд сўмни ташкил этмоқда. Бюджет ташкилотлари ходимлари ҳиссаси 97,7 млрд сўм, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ходимлари ҳиссаси эса 18,8 млрд сўм сифатида қайд этилган.

Тижорат ташкилотлари ходимларининг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича қарздорлиги соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, солиқ интизоми муаммоси иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида мавжуд экани кўринади.

Энг катта солиқ қарзи қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳаси ҳиссасига тўғри келиб, ушбу тармоқда фаолият юритаётган 36,4 мингта ташкилотда ишловчи 54,6 минг нафар ходимнинг жами солиқ қарзи 86,2 млрд сўмни ташкил этган.

Саноат соҳаси ҳам юқори қарздорлик қайд этилган тармоқлардан бири бўлиб, 15,4 мингта ташкилотда ишловчи 75,8 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи 71,4 млрд сўмга етган. Қурилиш соҳасида эса 7,9 мингта ташкилотдаги 32,8 минг нафар ходим ҳисобига 58 млрд сўм қарз тўпланган. Савдо соҳасида 27,7 мингта ташкилотда ишловчи 42,4 минг нафар ходимнинг солиқ қарзи 53,9 млрд сўмни ташкил этган.

Қолган соҳалардаги қарздорлик ҳажми нисбатан камроқ бўлса-да, умумий кўрсаткичга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, ташиш ва сақлаш соҳасида 15,3 млрд сўм, яшаш ва овқатланиш хизматларида 13,7 млрд сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 4,8 млрд сўм, ахборот ва алоқа соҳасида 4,2 млрд сўм солиқ қарзи мавжуд. Бошқа фаолият турлари ҳиссасига эса 38,5 млрд сўм тўғри келади.

Алоҳида ташкилотлар кесимида энг катта солиқ қарзи ходимлари ҳисобига тўғри келган корхоналар орасида «Темирйўллар инфратузилмаси» АЖ 2,1 млрд сўм билан биринчи ўринда туради. Кейинги ўринларда «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ (1,9 млрд сўм) ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ (1,8 млрд сўм) қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид