Хоразмда 5,9 млрд долларлик авиаёқилғи заводи қурилади
03.10.2025 | 15:003 дақиқа
Австралиянинг «Allied Biofuels» компанияси Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида авиаёқилғи ишлаб чиқарувчи йирик завод қуришни режалаштирмоқда.

Хива шаҳрида ўтказилган халқаро инвестиция форуми доирасида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов Австралиянинг «Allied Green Ammonia» компанияси бошқаруви раиси Алфред Бенедикт бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда вилоят ҳокими Журабек Раҳимов ва компания раҳбари Алфред Бенедикт ўртасида Тупроққалъа туманида 5,9 миллиард долларлик инвестиция киритиш эвазига «Экологик тоза авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилиб, тегишли келишувлар имзоланди. Ушбу корхона ишга тушгач, йилига 400 минг тонна экологик тоза авиайоқилғи ишлаб чиқарилади.
Заводнинг муҳим жиҳати шундаки, у атмосферага зарарли чиқиндилар чиқармайди. Бу эса Ўзбекистонда барқарор ривожланиш ва «яшил иқтисодиёт» тамойилларини амалга оширишда катта қадам сифатида баҳоланмоқда.
Маълумот учун, «Allied Biofuels» компанияси 2025 йил июл ойида рўйхатдан ўтган бўлиб, устав капитали 444,5 млн сўмни ташкил қилади. Компания раҳбари Альфред Бенедикт Австралияда «Allied Green Ammonia» компаниясини ҳам бошқаради.
Айтиш жоизки, компания бу йил апрелда Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги билан ҳам меморандум имзолаганди. Шу билан бирга, сўнгги ойларда Ўзбекистонга йирик энергетика сармоялари киритилаётгани кузатилмоқда. Хусусан, Озарбойжоннинг «SOCAR» компанияси мамлакатга 2 млрд доллар инвестиция киритиши ҳақида хабар қилинган эди.





