add

Хоразмда ИИБ ходими пора билан қўлга тушди

Бугун 10:152791 дақиқа

Хоразм вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизматининг катта тезкор вакили 30 минг доллар пора олаётган вақтида қўлга олинди.

Хоразмда ИИБ ходими пора билан қўлга тушди

Хоразм вилоятида Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати катта тезкор вакили Хива шаҳри ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш учун ажратилган 12 сотих ер майдонини уй-жой қуриш учун расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Тергов маълумотларига кўра, у ҳокимият идораларида ишловчи мансабдор танишлари орқали рухсат олиб бериш эвазига фуқародан 30 минг АҚШ доллари олган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди асосида жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, Фарғона вилоятида ҳам ер билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати қайд этилди. Бувайда туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс 2006 йилда туғилган таниши билан тил бириктириб, деҳқончилик қилиш учун давлат томонидан имтиёзли шартларда ажратилган жами 3 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Улар бу хизмат учун 115 млн сўм талаб қилиб, 9500 АҚШ доллари ва 700 минг сўм олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган. Айни пайтда мазкур шахсларга нисбатан бир қатор моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид