add

Хусусий ва мерос фондлари ташкил қилишнинг қонуний тартиби белгиланмоқда

Янги қонун лойиҳаси Ўзбекистонда хусусий ва мерос фондларини ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш қоидаларини белгилайди.

Хусусий ва мерос фондлари ташкил қилишнинг қонуний тартиби белгиланмоқда

Ўзбекистонда хусусий ва мерос фондларини ташкил этишнинг аниқ қонуний тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда. «Хусусий фондлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан хусусий фондларни таъсис этиш, бошқариш, давлат рўйхатидан ўтказиш, мол-мулкдан фойдаланиш ҳамда тугатишга оид асосий қоидалар белгиланмоқда. Лойиҳа нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тизимлаштиришга қаратилган.

Ушбу қонун лойиҳасига кўра, хусусий фонд жисмоний шахс томонидан ёки унинг вафотидан кейин васиятнома ижрочиси орқали таъсис этилади. Бундай фонд муайян муддатга ёки муддатсиз тузилиши мумкин бўлиб, муассис томонидан топширилган ёки мерос қилиб қолдирилган мол-мулкни белгиланган шартлар асосида бошқаради. Фондлар, қоида тариқасида, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ва бошқа жамоатчилик учун фойдали мақсадларни кўзлаши шарт.

Лойиҳада хусусий фондлар икки тоифага ажратилган. Биринчиси муассис ҳаётлигида ташкил этиладиган фондлар бўлса, иккинчиси васиятнома асосида ташкил этиладиган мерос фондларидир. Шунингдек, хусусий фондларга Ўзбекистон ҳудудида ва хорижда ваколатхона ёки филиал очиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган.

Қайд этилишича, муассисликка доир талаблар қатъий белгиланган. Қоидага кўра, ҳаммуассисликка йўл қўйилмайди, муассисни кейинчалик алмаштириш мумкин эмас. Фондга хайрия ёки грант ажратган шахслар муассис мақомини олмайди. Фонд номи таркибида «хусусий фонд», васиятнома асосида тузилган тақдирда эса «хусусий фонд» ёки «мерос фонди» атамалари бўлиши шарт.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида амалга оширилади. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан ҳужжатлар кўриб чиқилиб, ўн иш куни ичида қарор қабул қилиниши белгиланган. Рад этиш сабаблари сифатида ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги, қонун талабларига зид қоидалар ёки дастлабки маблағ талабининг бажарилмагани кўрсатилган.

Шунингдек, лойиҳада фонд мол-мулкидан фойдаланиш бўйича ҳам чекловлар мавжуд. Мол-мулк гаров сифатида қўлланилиши, кредит беришга йўналтирилиши ёки мажбуриятларни таъминлаш воситаси сифатида ишлатилиши мумкин эмас. Маъмурий харажатлар эса йиллик умумий харажатларнинг 30 фоизидан ошмаслиги шарт.

Теглар

Мавзуга оид